ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Янгиланаётган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятида шу юксак тамойил мужассамлашган

Янги Ўзбекистоннинг истиқболи учун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваломбор, инсон манфаатларига, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, референдумга қўйилаётган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат”, деб белгиланмоқда.

Бу мақомнинг маъно-моҳияти шундаки, янгиланаётган Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг биринчи галдаги олий мақсади сифатида белгилаб қўйилмоқда.

Ушбу тамойилнинг нақадар муҳимлигига халқаро экспертлар, жумладан, БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.

Бош қомусимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар миллий қонунчилигимиз, қадриятларимиз, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда киритилмоқда.

Ушбу ўзгартишлар натижасида, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари кафолатли тарзда таъминланади.

Давлат билан фуқаронинг ўзаро муносабатларини белгилашда фуқаронинг ҳуқуқий мақоми муҳим ўрин тутади. Фуқаронинг ҳуқуқий мақоми деганда, унинг муайян сиёсий-ҳуқуқий ҳолатини белгилаш мақсадида давлатнинг қонунларида белгиланган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятларнинг йиғиндиси тушунилади.

Инсон ҳуқуқлари – адолатнинг, шахс эркинлигининг кўлами ва меъёрини ифодалайди. Улар давлат ҳокимияти билан инсон ўртасидаги муносабатларни мувозанатлаштиради.

Инсон ҳуқуқлари фуқароларнинг ўзаро алоқаларини тартибга солиш ва бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларни бартараф этишнинг меъёрий шакли ҳисобланади. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш амалиётининг юксак такомилга етгани давлатнинг ҳуқуқийлиги ва демократиклигини ифодаловчи муҳим кўрсаткичдир.

Шу нуқтаи назардан, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилишини учта хусусиятга қараб баҳолаш мумкин. Бу ўринда, биринчидан, шахснинг Конституцияда белгиланган ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши, иккинчидан, барча субъектларнинг Конституция талаб ва мажбуриятларига риоя қилиши, учинчидан, ваколатли давлат органларининг конституциявий нормаларни қўллаши ва ижросини таъминлаши назарда тутилмоқда.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши ҳам мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки ноаниқлик­ларга сабаб бўлади.

Шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, янгиланаётган Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”, деган халқчил қоида белгиланмоқда.

Мамлакатимизнинг 2022-2026 йиллар учун мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида суд жараёнида томонларнинг ҳақиқий тенглиги ва тортишув тамойилини рўёбга чиқариш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсади белгиланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишдаги маърузаси муҳим стратегик аҳамиятга эга.

Бу ҳақда сўз борганда, 2016 йилда бошланган суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, жиноий ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлашга оид ҳуқуқий ислоҳотларнинг ўтган олти йилида тизимга тааллуқли 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу даврда ноҳақ айбланган тўрт минг нафар кишига оқлов ҳукми чиқарилди, 26 мингдан зиёд шахс суд залидан озод қилинди, 47 минг нафар фуқарога нисбатан терговда қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур жараён Ўзбекистон демократик қадриятлар асосида ривожланиб бораётганининг амалдаги тасдиғидир.

Замонавий давлатчилигимиздаги бу янги тенденция, яъни инсоннинг қадри жойига қўйиладиган, манфаати биринчи ўринда турадиган одил судлов барқарорлигини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ғурури ва масъулиятини, давлатга ишончини янада оширади.

Яна бир муҳим жиҳат: янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 29-моддасида давлат тарафидан юридик ёрдам кўрсатилиши ва адашганларнинг афв этилишига оид нормалар кўзда тутилмоқда. Ҳар икки омил ҳам жамият учун фойда келтириши билан диққатга сазовордир.

Янги Конституцияда акс этаётган давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш жараёни ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузиш, шунингдек, судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали амалга оширилади. Сўнгги 3 йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун бюджетдан 111,9 миллиард сўм сарфлангани шундан далолатдир.

Янги Конституцияга мазкур норманинг киритилиши фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлайди. Қолаверса, одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади.

Асосий қонун лойиҳасида фуқароларга малакали юридик ёрдам манбаи бўлган адвокатура институти конституциявий кафолат сифатида белгиланмоқда. Яъни Конституциямизга “Адвокатура” деб номланувчи алоҳида боб киритилмоқда.

Афв омилига келсак, кечиримлилик — халқимизга хос фазилат. Бу — фуқаронинг давлатга бўлган ишончи ошишида муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, афв институтининг Конституция матнида белгиланиши айни эзгу мақсаднинг кафолатидир.

Афв замирида нафақат кечиримлилик фазилати, балки юксак инсонпарварлик тамойили ҳам мужассам. Чунки афв этилган шахс­ларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бундай бағрикенгликдан баҳраманд бўлади. Зотан, адолатли жамиятда айбдорларни жазога тортишдан мақсад – уларни тўғри йўлга қайтариш, жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришдир.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституциямизда инсон ҳуқуқларини кафолатлайдиган нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда.

Шу азиз Ватанимизда яшайдиган барча инсонларнинг ҳуқуқлари Асосий қонунда кафолатланяптими, келажагимиз учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлаяптими, демак, ҳар биримиз ўз келажагимизга бефарқ бўлмаслигимиз, ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги қизғин жараёнга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашишимиз керак.

Янги Ўзбекистонда инсоннинг қадр-қиммати, шаъни улуғланиши, ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларининг қонуний ҳимоясининг кафолатланиши, албатта, ҳар бир фуқарони референдумда фаол иштирок этишга чорлайди.

Абдуҳалим Холмаҳматов,

Олий суд аппарати раҳбари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: