КРЕДИТ ШАРТНОМАСИ МАЖБУРИЯТЛАРИ БАЖАРИЛМАСА ТОМОНЛАР ҲАМ, ИҚТИСОДИЁТ ҲАМ ЗАРАР КЎРАДИ
Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ҳамда мавқеи тобора ортиб бормоқда. Тадбиркорлик ривожида банклар томонидан имтиёзли асосларда ажратилаётган кредит маблағлари алоҳида ўрин тутади. Чунки кредит маблағлари тадбиркорларга ўз фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Энг муҳими, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Бироқ амалиётда айрим тадбиркорлик субъектларининг кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бунга бир ҳаётий мисол: Савдо-саноат палатаси банк манфаатини кўзлаб, тўланмаган кредит қарздорлигини ундириш мақсадида даъво аризаси билан Учқудуқ тумани иқтисодий судига мурожаат қилди.
Аниқроқ айтганда, 2020 йил 13 апрелда тузилган кредит шартномасига асосан “Я” масъулияти чекланган жамиятига (тадбиркорлик субъекти номи ўзгартирилган) автомобилларни ювиш шохобчаси ва цех қуриш учун йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 6 ой имтиёзли давр асосида 36 ой муддатга 500 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган.
Банк жавобгарга шартномада назарда тутилган миқдор ва шартлар асосида пул маблағи, яъни кредит бериш, жавобгар шартноманинг ажралмас қисми бўлган тўлов жадвали асосида кредитни қайтариш ва унинг учун фоизларини тўлаш мажбуриятини олган.
Айтиш керакки, банк томонидан шартнома шартлари бажарилган бўлса-да, жавобгар зиммасидаги мажбуриятга лоқайдлик билан қараган. Яъни кредитнинг асосий қисми ва фоизларни тўлов жадвалида белгиланган муддатларда тўламаган.
Суд жараёнида банк томонидан тақдим этилган маълумотномага кўра, жавобгарнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги 605 293 602 сўмни ташкил қилган. Бундан кўринадики, судга даъво аризаси берилганидан сўнг ҳам кредит тўловлари умуман амалга оширилмаган.
Шу боис суд даъвони қаноатлантирди. Жавобгардан банк фойдасига 605 293 602 сўм кредит қарздорликни ундиришни лозим топди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафлар учун бирдек фойдали ва шунинг баробарида иқтисодиётни юксалтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ тумани
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш