ОЛИЙ СУД РАИСИ АҚШ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. Исламов Америка Қўшма Штатларининг элчиси Ж. Хеник билан учрашди.

Учрашув аввалида Б. Исламов Ж. Хеникни юксак ва масъулиятли вазифа – Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига тайинланганлиги муносабати билан самимий қутлади.

Мулоқотда таъкидланганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг ҳозирги замон талаб ва мезонларига жавоб берадиган тизимини шакллантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Учрашувда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим шартларидан бири эканлиги қайд этилди.

Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

АҚШнинг элчиси мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий жиҳатлари билан таништирилди.

Қайд этилганидек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиланишлар ислоҳотлар одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек суд ҳокимияти мутақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини мустаҳкамлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатилиб, бир қатор лойиҳалар доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидланди.

Жумладан, Олий суд томонидан USAIDнинг янги “Суд тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантириш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар юзасидан яқин ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Суд тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасидаги амалий ҳамкорлик Ўзбекистон суд тизимини янада мустаҳкамлаш йўлида ўз натижасини бериши ва муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Америка Қўшма Штатларининг суд органлари билан суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Конструктив ва самимий руҳда ўтган учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: