ЯРАШУВ МУДДАТИ БИР ОИЛАНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ
Оила — муқаддас даргоҳ. Унинг муқаддаслигини ҳис қилган ва асраб-авайлайдиган эр-хотин бахтли турмуш кечиради. Фарзандларини комил инсонлар қилиб тарбиялайди. Аксинча, бир-бирини тушунмаслик ёки ён-атрофдагиларнинг ҳуда-беҳудага ёш оиланинг ишларига аралашавериши ҳамжиҳатликка путур етказади.
Шўрчи туманида яшовчи Собир Комилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2014 йилда Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи Назокат Толипова билан турмуш қурди-ю, аммо бирга узоқ яшолмади. Аниқроғи, келиннинг қайнонаси билан гапи қовушмади. Оқибатда бу оила жанжалнинг уясига айланиб қолди. Айни дилхиралик орадан бир йил ўтгач, қиз фарзанд туғилгандан кейин ҳам аримади. Бунинг устига Собир хотини ва қизини қолдириб, ишлаш учун хорижга кетиб қолди. Шундан сўнг қайнона-келин можароси баттар авж олса олдики, босилмади. Шу боис Назокат эрининг ёнига боришга мажбур бўлади.
Улар хориждан қайтгач, иккинчи фарзанди – ўғли Жўрабек дунёга келди.
Бироқ икки ўртадаги совуқчилик барибир кўтарилмади. Натижада Н. Толипова икки боласини етаклаб, отасиникига кетиб қолди.
Мана шу зайлда орадан 2 йил ўтди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида куёв томон никоҳдан ажратишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво ариза киритди.
Албатта, оиладаги арзимас жанжал, келишмовчиликлар ажрим учун сабаб бўлолмайди. Бинобарин, суд оилани сақлаб қолиш мақсадида тарафларга ярашиб олиш учун 4 ой муҳлат берди.
Буни қарангки, ана шу муддат мобайнида қудалар бир-бирини тушунишди, муросага келишди. Энг муҳими, иккала томон ҳам норасида гўдакларнинг етим бўлиб қолишини хоҳламади. Охир-оқибат эр-хотин ярашиб олиб, бирга яшай бошлашди. Шу боис даъвогарнинг ишончли вакили Нозима Нодирова суддан даъво аризани кўрмасдан қолдиришни сўради. Шундан келиб чиққан ҳолда суд Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддасига биноан даъво аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликда белгиланган ярашув муддати туфайли гулдек бир оила сақлаб қолинди. Энди фарзандлар тўлақонли оилада ҳам ота, ҳам она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишади. Зеро, донишмандлар “Қушнинг ҳам ини бузилмасин” дея бежиз айтишмаган.
Фазлиддин ХИДИРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қумқўрғон туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш