КАФИЛЛИК НИМА?
Аввало шуни айтиш керакки, “Кафиллик шартномаси” деган тушунча қонунчиликда азалдан мавжуд бўлса-да, унинг асл моҳияти кейинги йиллардаги кредит сиёсатининг ривожланиши туфайли кенг намоён бўла бошлади. Кафиллик шартномасига асосан кафил бошқа шахснинг кредитори олдида муайян даражада жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.
Энди кафилнинг жавобгарлиги масаласига тўхталадиган бўлсак, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар тартибда жавоб беради (башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса). Бунда кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб бериб, фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимлари ва қарздор мажбуриятини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.
Кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди.
Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлаш ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли. Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.
Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, банк-кредит муносабатларининг кенг ривожланиши натижасида кафиллик шартномаларига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Бу жараёнда баъзи жисмоний шахсларнинг қонун талабларини билмаслиги фирибгарлик жиноятининг содир этилиши ҳамда турли низоларга сабаб бўлмоқда. Шу боис кафил бўлишда қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларни синчликлаб ўрганиш ва уларга қатъий равишда риоя этиш зарур.
Умиджон Раупов,
фуқаролик ишлари бўйича
Кармана туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш