ИНСОН ҚАДРИ — ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” тамойили амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда яққол ифодасини топмоқда.

Хусусан, Фарғона вилояти судларида дастлабки терговда қилмиши нотўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани бунинг яққол исботидир.

Шу ўринда бу фикримизга мисол сифатида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг хўжалик қўриқлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шоира Исроилова билан боғлиқ суд жараёнларини келтириш мумкин.

Гап шундаки, Ш. Исроилова 2019 йил 13 апрель куни корхона балансига асосий воситалар сифатида киритилган ва ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган баҳоси 14 308 900 сўмлик 29 дона мебел, 300 метр пол артиш учун мўлжалланган матони ойлик ҳисоботларга қалбаки маълумотлар киритиш орқали, қоровул Давлат Ҳомиджонов билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда эса, корхонанинг марказий омборига ўрнатилган сув иншоотининг 19 713 360 сўмлик эҳтиёт қисмини номаълум шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда айбдор деб топилган.

Оқибатда Ш. Исроилова ва Д. Ҳомиджоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 1 февралдаги ҳукмига асосан Ш. Исроилова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди ва 228-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, бир йил моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда уч йил озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган.

Шунингдек, суднинг ҳукмида судланувчилардан етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланган.

Аммо Ш. Исроилова суд ҳукмидан норози бўлиб, юқори суд инстанциясига ариза билан мурожаат қилган. Аниқроғи, ўтган вақт мобайнида Ш. Исроилованинг шикоятлари Фарғона вилояти суди ва Олий судда беш маротаба кўрилган. Олтинчи маротаба аввалги ажримларнинг унга тегишли қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун Фарғона вилояти судига юборилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишини янгидан кўриш жараёнида Ш. Исроилованинг айбсизлиги ўз тасдиғини топди. Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида терговчи, прокурор ва суд ҳақиқатни аниқлаш мақсадида жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, 463-моддасида эса, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли экани суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши қайд этилган. Бироқ биринчи босқич суди томонидан мазкур қонуний талабларга риоя қилинмаган. Қолаверса, Ш. Исроилованинг ўзига нисбатан эълон қилинган айбловни инкор қилиб, жиноятни содир этмагани ҳақидаги кўрсатмалари етарлича муҳокама қилинмай, унинг айбини тасдиқловчи далиллар, иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган.

Жиноят иши материалларидан кўринишича, биринчи инстанция суди Ш. Исроиловани 14 308 900 сўмлик мебел ва пол артиш матосини талон-торож қилганликда айбли деб топиб, нотўғри хулосага келган. Чунки дастлабки тергов органи томонидан унга мазкур эпизод бўйича айб эълон қилинмаган.

Иккинчидан, сув иншоотининг эҳтиёт қисмини ўзлаштирилганлик ҳолати бўйича судда гувоҳлик берган “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг ўша пайтдаги бош директори Д. Жалилов 2019 йилнинг апрель-май ойларида марказий омбор ҳудудида корхона ходимлари учун намунавий уй-жойлар қуриш режалаштирилгани, шу боис сув иншооти қурилишга халал берса, уни бузиш бўйича ходимларга топшириқ бергани, бироқ бу ҳақда Ш. Исроиловага буйруқ бермаганини маълум қилган. Бундан ташқари корхонанинг 2020 йил 20 майдаги 3859-15-1-сонли маълумотномасида марказий омборга ўрнатилган сув иншоотининг баланс нархи 3 326 568 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. Бу сув иншооти ноқонуний бузилган тақдирда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини кўрсатади. Чунки Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори 2-бандида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилотларнинг мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача миқдорда талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибини ташкил этиши, бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам агар талон-торож миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқиши қайд этилган.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига биноан, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Бундан аён бўладики, Ш. Исроиловани маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ҳам ўтиб кетган. Ана шу қонуний асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 12 октябрдаги ҳукмининг Ш. Исроиловага оид қисмини бекор қилган ҳолда уни айбсиз деб топиб, оқлади. Шунинг баробарида оқланувчига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини тегишли тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга экани тушунтирилди.

Бош қомусимизнинг 44-моддасида “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”, деб белгиланган.

Бинобарин, Ш. Исроилова то оқлов ҳукми чиққунга қадар фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзининг аввалги вазифасига ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарарни ундириб беришни сўраган. Бироқ суд мазкур даъвони қисман қаноатлантириб, унга 5 миллион сўм маънавий зарар ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилган. Табиийки, Ш. Исроилова оқлов ҳукмидан руҳланиб, Фарғона вилояти судига апелляция шикоятини берган. Натижада суднинг шу йил 5 январдаги ажрими билан “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 29 июндаги 161 ХБИБ-сонли буйруғи бекор қилиниб, Ш. Исроилова корхонанинг хўжалик бўлими қоровули вазифасига ишга тикланди. Шу билан бирга корхонадан ходимнинг мажбурий прогулда юрган даври учун 15 531 270 сўм иш ҳақи ундирилди. Лекин корхона бундан норози бўлиб, Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилди.

Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ушбу ишни кўриш мобайнида Ш. Исроилованинг даъвоси асосли экани маълум бўлди.

Маълумки, Фуқаролик процессуал кодексининг 419-моддасига мувофиқ, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестни) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Шу боис судлов ҳайъати Фарғона вилояти судининг жорий йил 5 январдаги апелляция ажримини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «Инсон қадри учун» тамойили асосида одил судлов таъминланди ва айбсиз фуқаро оқланди. Бу, ўз навбатида, судларга бўлган ишончни янада ошириши шубҳасиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Фарғона вилояти суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: