ҚИДИРУВДАГИ БОСҚИНЧИ ХОРИЖДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Қўқон шаҳрида яшовчи Миродил Иминов (исм-шарифлари ўзгартирилган) хусусий корхоналардан бирининг раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётганди. Унинг тўнғич фарзанди Маҳмуджон Иминов ҳам шу корхонада ишларди. Бундан чамаси, уч йил муқаддам М. Иминов корхона ишчиларидан бири Ортиқали Умировга қўпол хатоси учун қаттиқ танбеҳ беради. Бунга О. Умировнинг ўзи билан бирга ишлайдиган ўғли Миразиз Умиров ҳам гувоҳ бўлади ва унинг кўнглида адоват туғилади. Яъни у ота-ўғилдан қасд олиш пайига тушади.
Бинобарин, у таниши Фарҳод Солиев билан маслаҳатлашиб, пайт пойлаб, Маҳмуджон Иминовдан қасд олишни режалаштиради. Қолаверса, у Ф. Солиевга жиноий режасини амалга ошириш учун яна битта одам топишини айтади.
2019 йил 22 январь куни М. Умиров иш пайти Миродил Иминов ўғлига катта миқдорда нақд пул бергани, ўз навбатида, ўғли пулни “Lacetti” русумли автомашинасининг юкхонасига жойлаб қўйганини кўради. Шундан сўнг у зудлик билан таниши Ф. Солиевга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар беради. Яъни М. Иминов ишдан қайтгач, уйининг олдида унга ҳужум уюштириш лозимлигини уқтиради.
Шундан сўнг Ф. Солиев жиноий режани амалга ошириш учун таниши Жўрахон Қулматовни ёрдамга чақиради. Кейин иккаласи “Спарк” русумли автомашинада Иминовлар хонадони жойлашган Ўзбекистон туманининг “Қатағон” маҳалласига келиб, юзларига ниқоб кийган ҳолда пойлаб туришади. Кечки соат 19.00 ларда М. Умиров уларга қўнғироқ қилиб, М. Иминов уйига жўнаб кетгани тўғрисида хабар беради. Буни эшитиб, жиноий шериклар Ф. Солиев ва Ж. Қулматов шай туришади. Орадан кўп ўтмай М. Иминов етиб келиб, автомашинасини дарвоза ёнига тўхтатади.
Шунда Ф. Солиев унинг ёнига бориб, талмовсираган куйи қандайдир қизнинг яшаш манзилини сўрайди. Айни шу лаҳзада унинг ёнида Ж. Қулматов ҳам пайдо бўлади. Шунда Ф. Солиев қўққисдан М. Иминовнинг юзига мушт туширади. Бундан М. Иминов эсанкираб қолади. Аммо у тезда ўзини қўлга олиб, қаршилик кўрсатади. Ф. Солиев кутилмаганда чўнтагидан қўлбола пичоқни олиб, М. Иминовнинг оёғига санчади. Бунинг устига Ж. Қулматов “Шпага” ва “Шок” номли кўзни ёшлантирувчи суюқликни жабрланувчининг кўзига сепади. Оқибатда М. Иминов ҳеч нарсани кўрмай қолади.
— Машинани ҳайда! — дея Ф. Солиев жиноий шеригига буюради.
Ж. Қулматов дарров автомашинани бошқаришга тушади. Буни қарангки, М. Иминов ҳам амаллаб, автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб олади.
Табиийки, босқинчилар буни кутишмаганди. Бинобарин, Ф. Солиев унинг бўйнига пичоқ тираб, дамини чиқармасликни буюради. Қолаверса, у М. Иминовнинг чўнтагидан 100 000 сўм ва устидаги курткасини тортиб олади.
Кейин туманнинг Мингтут қишлоғига яқинлашганда уни мажбуран автомашинадан тушириб, ўзлари кўздан ғойиб бўлишади.
М. Иминов босқинчилар автомашинадан мажбуран тушириб юборишганда асфальтга қаттиқ йиқилиб, бир муддат ҳушини йўқотади. Сўнг ўзига келгач, яқин орадаги автомобиль ювиш шоҳобчасида турган нотаниш йигитнинг телефонидан онасига қўнғироқ қилади. Орадан кўп ўтмай отаси Миродил Иминов етиб келади. Шундан сўнг улар жиноятчилар қочиб кетган томонга юришади. Аммо улар Тўқсонқовун қишлоғига етиб боришганда “Lacetti” русумли автомашинанинг огоҳлантирувчи чироқлари ёқилган ҳолда йўл четида қолдириб кетилганини кўришади. Кўп ўтмай воқеа жойига ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ҳам етиб келишади. Чунки Миродил Иминов аллақачон “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, жиноят ҳақида хабар берганди.
Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Бироқ Миразиз Умиров терговдан яшириниб, Россия Федерациясига қочиб кетади. Шу боис ўша пайтда унга нисбатан қидирув эълон қилинади.
Жиноий шериклар Ф. Солиев ва Ж. Қулматов қўлга олинади. Уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судининг 2020 йил 13 июлдаги ҳукми билан қонуний жазо тайинланади.
Аммо М. Умиров ҳам қонуний жазодан қочиб, узоқ вақт яшириниб юролмади. Орадан икки ярим йил ўтиб, у Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ушланди ва мамлакатимизга экстрадиция қилинди.
Албатта, жиноят катта-кичиклиги, яъни қандай малакаланиши ёки таснифланишидан қатъи назар, унга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланиши шарт. Суд босқинчи М. Умировни Жиноят кодексининг 28,164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Қолаверса, суд ҳукмида судланувчидан давлат фойдасига 27 879 529 сўм экстрадиция харажатларини ундириш ҳам белгиланди.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, кек ва адоват одамга ҳеч қачон фойда келтирмаган. Шу боис ундан узоқда юрган маъқул. Акс ҳолда баён этилгани сингари аянчли ҳолатга тушиш ҳеч гап эмас.
Аброржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Учкўприк тумани суди раиси
Фикр қолдириш