ҚАЙТА МАЛАКАЛАШ АСОСИДА ОДИЛ СУДЛОВ ТАЪМИНЛАНДИ
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш мустақил суд ҳокимияти зиммасидаги масъулиятли ва шарафли вазифа ҳисобланади. Унинг нечоғлиқ муваффақиятли адо этилиши амалдаги қонун талабларига қатъий риоя этиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 415-1-моддаси 2-қисмида судланувчига нисбатан айбловни оғирроғи билан ёки ҳақиқий аҳволга кўра, дастлабки айбловдан жиддий фарқ қиладиган айблов билан алмаштириш ёки бошқа шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асослар аниқланган тақдирда, суд дастлабки терговда терговнинг тўлиқ эмаслиги ёки жиноят процессуал қонуни нормаларининг жиддий бузилишларини ушбу кодекснинг 416 ва 417-моддаларига мувофиқ бартараф этиши зарурлиги қайд этилган.
Ушбу кодекснинг 416-моддасида суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этгани, 417-моддада жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, суд жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида тегишли материалларни илова қилган ҳолда айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2022 йил 14 майдаги “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам судларга қайд этилган қонун меъёрларини тўғри қўллаш ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.
Ушбу қонуний талабларни баён этишдан мақсад шуки, қуйида баён этиладиган ҳолатда айнан шу асосларга таянилди. Гап шундаки, яқинда Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида биринчи босқич судининг 2021 йил 18 июндаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбдор деб топилган Маҳмуд Мўйдинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) га нисбатан чиқарилган суд ҳукми устидан жабрланувчининг қонуний вакили Мастура Саломова томонидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.
Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, М. Мўйдинов 2021 йил 7 март куни таниши Шерзод Эшдавлатовнинг уйида спиртли ичимлик ичиб, у билан жанжаллашиб қолган. Жанжал пайтида М. Мўйдинов Ш. Эшдавлатовни уриб, танаси ва бош қисмига оғир тан жароҳати етказган. Бунинг натижасида Ш. Эшдавлатов дунёдан кўз юмган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида марҳум Ш. Эшдавлатов олган тан жароҳатлари оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар тоифасига кириши ва унинг ўлими билан узвий боғлиқ экани қайд этилган.
Жабрланувчининг қонуний вакили М. Саломова биринчи босқич судининг М. Мўйдиновга нисбатан чиқарилган ҳукми устидан берган апелляция шикоятида тоғаси Ш. Эшдавлатов қасддан ўлдирилганини баён этган.
Шунингдек, жиноятни М. Мўйдиновнинг ёлғиз ўзи содир этмагани, тергов ва судда иш бўйича гувоҳлик берган Баҳром Оллоёров ҳамда Умид Бекназаров ҳам тоғасини биргаликда ўлдирганини важ қилиб кўрсатган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, М. Мўйдинов, Б. Оллоёров ва У. Бекназаровга қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этишдек жиддий айблов қўйилиши сабаби нимада?
М. Саломованинг баён қилишича, тоғаси Ш. Эшдавлатов яшаб келган уйни унга 2014 йилда ўз номида бўлгани учун момоси Қундуз Эшдавлатова нотариал тартибда васиятнома орқали расмийлаштириб берган. У вафот этгач, уйда Ш. Эшдавлатовнинг ёлғиз ўзи яшаб келган.
Кутилмаганда Мастура Саломовага даволаниши учун пулга зарурат туғилади. Шу боис у ҳовлини сотишга қарор қилади. Аммо уйни сотса, тоғаси кўчада қолишини ўйлаб, тезда бу фикридан қайтади. Ҳовли сотилаётганини эшитган маҳалла раиси Баҳром Оллоёров унга харидор бўлади. Мастура агар уйни сотса, тоғаси кўчада қолишини айтгач, Б. Оллоёров ўзига ҳозирча уй зарур эмаслиги ва у ерда Ш. Эшдавлатов бемалол яшайверишини билдиради.
Бу гап М. Саломовага ҳам маъқул тушади. Улар тоғаси вафот этгунига қадар хонадоннинг олди-сотдиси ўрталарида сир бўлиб қолишга келишиб, уй Б. Оллоёровнинг турмуш ўртоғи номига расмийлаштириб қўйилади.
Лекин харидорнинг айби билан сир сақланиши керак бўлган уй олди-соттиси келишуви ҳаммага ошкор бўлади. Бу орада Ш. Эшдавлатов вафот этгач, М. Саломова тоғасини Б. Оллоёров уйни тезроқ эгаллаш мақсадида буюртма билан ўлдиртирган, деган шубҳага боради. М. Саломованинг кўнглида ана шундай гумон туғилишига тергов чоғида Б. Оллоёров Ш. Эшдавлатовни ўлдириш учун М. Мўйдиновга бир минг АҚШ доллари таклиф қилганини эшитгани ҳам сабаб бўлади.
Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати М. Саломованинг шикоятини ўрганиш чоғида М. Мўйдиновнинг жиноий қилмиши Жиноят кодексининг 97-моддаси билан қайта малакаланиши керак, деган тўхтамга келди.
Чунки Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 8-бандида қасддан одам ўлдириш жиноятини малакалашда ожиз аҳвол деб жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан ўзини ҳимоя қилиш, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳоллари тушунилиши баён қилинган. Жабрланувчининг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида атрофдаги вазиятни англай олмайдиган даражада мастлиги унинг ожиз аҳволда бўлган, деб тан олинишга асос бўлиши мумкин.
Ана шу асосларга таянган апелляция судлов ҳайъати тергов органи томонидан қонун ҳамда Олий суд Пленуми қарори талабларига риоя қилинмаган, иш ҳолатлари тўлиқ, синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмаган, айбдорларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаган, деган хулосага келди. Бундан ташқари М. Мўйдинов ва У. Бекназаровнинг кўрсатмаларига қонуний ёндашилмагани, маҳалланинг собиқ раиси Б. Оллоёровни уйни эгаллаш учун Ш. Эшдавлатовни ўлдириш ёки унга тан жароҳати етказиш ҳақида ҳақ ваъда қилган ҳолда М. Мўйдинов ва У. Бекназаровга буюртма бергани тўғрисидаги важлар тўлиқ текширилмагани, М. Мўйдиновнинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жиноят таркиби мавжудлиги сабабли биринчи босқич судининг 2021 йил 18 июндаги М. Мўйдиновга нисбатан чиқарилган ҳукмини бекор қилди.
Қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун иш материалларини прокурорга топшириш тўғрисида ажрим чиқарди. Тергов органи томонидан қонунда кўрсатилган муддатда қўшимча тергов ҳаракатлари якунлангач, жиноят иши жиноят ишлари бўйича Зарбдор тумани судининг очиқ суд мажлисида мазмунан муҳокама этилди. Суд М. Мўйдиновни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, суд М. Саломованинг важларини асоссиз деб топди. Чунки ушбу жиноят содир этилган вақт — 2021 йилнинг март ойида М. Мўйдинов Б. Оллоёров ва У. Бекназаров билан учрашмаган. М. Мўйдинов дастлабки тергов чоғида Б. Оллоёров ўзи билан У. Бекназаровга бир минг АҚШ доллари эвазига Ш. Эшдавлатовни уриб, шифохонага ётқизишни илтимос қилганини билдирган. Аслида М. Мўйдинов ўзининг қилмишидан қўрқиб, “Шундай кўрсатма берсам, Б. Оллоёров мени жавобгарликдан қутқариб қолади”, деб ўйлаган. М. Мўйдиновнинг Ш. Эшдавлатовга тан жароҳати етказганидан Б. Оллоёров ва У. Бекназаровнинг мутлақо хабари бўлмаган. Бинобарин, М. Мўйдинов, Б. Оллоёров ва У. Бекназаровнинг суддаги кўрсатмаларида Ш. Эшдавлатовни қасддан ўлдириш тўғрисида келишув бўлмагани, пул таклиф қилинмагани тўлиқ исботланди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, тафсилоти баён этилган жиноят ишининг қонун талабларига қатъий риоя этилган ҳолда кўриб чиқилгани айбсиз фуқароларни асоссиз жазоланишдан асраб қолиши баробарида одил судловни таъминланишига хизмат қилди. Янги айблов ишнинг ҳақиқий ҳолатини ойдинлаштириш, судланувчига нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланишига асос бўлди.
Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,
Жиззах вилояти
суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш