ВАКИЛЛИК ИНСТИТУТИ ТАРТИБ-ТАОМИЛИ ВА ЎЗИГА ХОСЛИКЛАРИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш одил судлов тизими орқали амалга оширилади.

Суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Малакали юридик ёрдам турли шаклларда кўрсатилиши мумкин. Шулардан бири суддаги вакиллик институтидир.

Фуқаролик процессуал кодекснинг 65-моддасида фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ва ўз вакиллари орқали юритиши мумкинлиги белгиланган.

Вакиллик — ишончнома, қонун, суд қарори ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ҳисоб­ланади. У ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ваколатсиз вакиллик – вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқулланган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилгани ҳам унинг маъқулланганини кўрсатади.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида “тижорат вакиллиги” деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорлар шартнома тузаётганида улар номидан вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундан ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда ишончнома асосида ҳам иш олиб боради. Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Шу ўринда шахсий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларда кўп қўлланиладиган ишончнома тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Қонун талабига мувофиқ бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш юритади. Юридик шахс номидан ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.

Ишончнома оддий ёзма ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши шарт. Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади. Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Қонунчиликда “ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш” деган тушунча ҳам мавжуд. Бунда ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларини амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади: ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўгатилиши, ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши ёхуд унинг вафот этиши, ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши ёхуд унинг вафот этиши натижасида бекор бўлади.

Ишончнома берган шахс исталган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса, ундан воз кечиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, вакиллик институти фуқароларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам олишига қулайлик яратиши баробарида вақт ва моддий ресурсларни тежаши билан муҳим аҳамиятга эга.

Шаҳноза Сувонова,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: