ЁЛҒОН ХАБАР ВА ГУВОҲЛИК БЕРИШ ТЕГИШЛИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА АСОС БЎЛАДИ

Жиноят иши ёки суриштирув доирасида ғайриқонуний воқеа-ҳодисага нисбатан ҳар бир далил ва маълумотнинг ҳаққонийлиги, мақбуллиги адолатни юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Аммо баъзан ҳаётда айбланувчи, гувоҳ ёхуд ишнинг бошқа иштирокчилари томонидан тергов-суриштирувни чалғитиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Албатта, қонунчиликда бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Жиноят кодексининг “Одил судловга қарши жиноятлар” дея номланган XVI-бобида шу турдаги жиноятлар ва улар учун тайинланадиган жавобгарлик чоралари ўз ифодасини топган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини овора қилиб, уларнинг вақтини ўғирлайдиган, қолаверса, суриштирув, тергов ва суд ишининг ортиқча чўзилишига сабаб бўладиган қилмишлар сирасига Жиноят кодексининг 237-моддасида назарда тутилган ёлғон хабар бериш ва 238-моддасида қайд этилган ёлғон гувоҳлик бериш жиноятлари ҳам киради.

Бундай жиноий қилмишлар гарчи амалиётда камроқ учраса-да, улар аянчли оқибатларни келтириб чиқаради.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, Миробод туманида яшовчи 32 ёшли Ботир Ўрмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам бир неча марта судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган.

Б. Ўрмонов ўтган йилнинг 8 январь куни “Қўйлиқ” бозори яқинидаги “Компас” савдо мажмуаси олдида илгари ўзи билан бирга жазо муддатини ўтаган Нажмиддин Шоимов билан учрашиб қолади.

— Агар пулинг бўлса, ер участкалари қўйилган онлайн аукционда қатнашиб кўр. Ажабмас, омадинг келиб, ютиб чиқсанг, — дея таклиф билдиради Н. Шоимов.

— Қанча пул керак бўлади?, — дея қизиқиб сўрайди Б. Ўрмонов.

— Беш юз доллар олдиндан тўланади, — деб жавоб беради Н. Шоимов.

Б. Ўрмонов маблағи бўлмагани сабабли оғайнисининг таклифини рад этади. Кейинчалик Н. Шоимов ундан 150 минг сўм қарз олади. Лекин улар қарзни қайтариш муддатини келишишмайди. Орадан бироз вақт ўтгач, икковлоннинг ўртасидан гап қочиб қолади. Шунда Б. Ўрмонов қарзини сўрайди. Н. Шоимов ҳозир қарзни қайтариш имкони йўқлигини айтади.

Аммо Б. Ўрмонов уни баттар қистовга олади. Агар ҳозир пулини бермаса, ички ишлар ходимларига мурожаат этишини маълум қилади.

Ноилож қолган Н. Шоимов қўлидаги уяли телефонини Б. Ўрмоновга беради.

— Эртага қарзимни бериб, телефонни олиб кетаман. Агар пул топиб келолмасам, телефонни сотиб юбораверасан, — дейди Н. Шоимов.

Бироқ эртаси куни ҳам, орадан 3 кун ўтса ҳам қарздор пулни қайтаролмайди. Шунинг учун Б. Ўрмонов 2022 йил 11 январь куни Ички ишлар вазирлигининг “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, Н. Шоимовнинг “E-aukson” тармоғи орқали қурилиши тугалланмаган бино-иншоотлардан бирини арзон нархда расмийлаштириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини алдов йўли билан олгани тўғрисида ёлғон хабар беради. Қолаверса, бу ёлғон хабар ички ишлар идораларига берган аризасида ҳам қайд этилади.

Шундан сўнг унинг мурожаати юзасидан Бектемир тумани ички ишлар идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилади. Натижада Б. Ўрмонов гувоҳ тариқасида терговга чақирилади. Суриштирув жараёнида ҳам у Н. Шоимовни фирибгарликда айблаб, ёлғон гувоҳлик беради. Лекин терговчи тўплаган далиллар Б. Ўрмоновнинг ёлғонларини фош қилиб қўяди.

Оқибатда унинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу иш жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида кўриб чиқилди. Суд Б. Ўрмоновни Жиноят кодексининг 237-моддаси 1-қисми ва 238-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Хуллас, Ботир Ўрмонов каби ёлғон хабар ва гувоҳлик бериш учун қонунчиликда жиноий жавобгарлик белгиланган. Баён этилган воқеа тафсилоти бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: