СУД БУЙРУҒИ ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИДА ҚУЛАЙ ИШ ЮРИТИШ УСУЛИДИР
Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишнинг энг қулай усули суд буйруғи тартибида иш юритиш бўлиб, у ишни судда муҳокама қилмасдан чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эга.
Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида суд буйруғи тартибида иш юритиш асослари кўрсатилган. Хусусан, талаб нотариал тасдиқланган битим ёки ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорлик ва вояга етмаган болалар учун алимент ундириш, шунингдек, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаблар бўйича суд буйруғи берилади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига риоя этилиши шарт. Бундан ташқари суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага давлат божи ва почта харажатлари тўлангани, ҳуқуқий муносабатни судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилингани тўғрисидаги маълумотлар (агар бу қонун ёки шартномада назарда тутилган бўлса), талабларга асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади.
Аммо суд буйруғи бекор қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтариб берилмайди. Ундирувчи қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида даъво қўзғатган тақдирда тўланган давлат божи тўланиши лозим бўлган божга қўшиб ҳисобланади.
Арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 3 кун ичида судья томонидан берилади. Суд буйруғи судья томонидан ундирувчи ва қарздорни судга чақирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда, суд муҳокамасисиз берилади. Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суднинг муҳри ёки электрон имзоси билан тасдиқланган буйруқ кўчирма нусхасини ижрога тақдим этиш учун беради. Ундирувчининг илтимосига мувофиқ суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши ҳам мумкин. Суд буйруғи ўн кунлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.
Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан сўнг уч кундан кечиктирмай ундирувчи ва қарздорга топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади. Алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра, бекор қилиниши мумкин. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач, суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Амалиёт таҳлили суд буйруғи институтини янада такомиллаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Гап шундаки, Олий суд Пленумининг «Буйруқ тартибида иш юритишни тартибга солувчи қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 11-банди 2-хатбошисида Оила кодексининг 102-моддаси 2-қисмига асосан вояга етмаган фарзанд таъминоти учун қатъий суммада алимент ундириш ҳақидаги талаб суд буйруғи тартибида кўрилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аммо ушбу қарор ёки Фуқаролик процессуал кодексида вояга етмаган фарзанд таъминоти учун қатъий суммада алимент ундириш ҳақида буйруқ чиқариш тўғрисидаги талаб судга келиб тушса, ариза қандай тартибда ҳал қилиниши кўрсатилмаган. Шу сабабли Фуқаролик процессуал кодексининг 175-моддасига суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этишнинг тўртинчи асоси сифатида вояга етмаган фарзанд таъминоти учун қатъий суммада алимент ундириш ҳақидаги талаб бўйича қоидани ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир.
Қолаверса, Фуқаролик процессуал кодексининг 178-моддаси 3-қисмида суд буйруғи ёзувидаги хатолар ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш суднинг ташаббуси ёхуд ундирувчи ёки қарздорнинг аризаси бўйича ушбу буйруқ қандай тартибда берилган бўлса, шундай тартибда суднинг ажрими асосида амалга оширилиши белгиланган. Бироқ кодекснинг 178-моддасида ажрим устидан шикоят бериш-берилмаслиги кўрсатилмаган. Шу боис суд буйруғи ёзувидаги хатолар ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят бериш-берилмаслигини аниқлаштириш зарур.
Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқаролик ишларини юритишда соддалаштирилган тартиб бўлган суд буйруғининг низосиз талаблар бўйича суд муҳокамасини ўтказмасдан берилиши тарафлар ва судга вақт ҳамда бошқа ресурсларни тежаш имконини бермоқда. Энг муҳими, суд буйруғи бериш ҳақидаги талаблар доирасининг кенгайтириб борилаётгани инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшмоқда.
Дилноза Исаева,
Судьялар олий мактаби тингловчиси
Фикр қолдириш