ФИРИБГАРГА АЙЛАНГАН РЕПЕТИТОР

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг мукаммал билим олишини таъминлашга қаратилган кенг имкониятлар яратилди. Биргина юртимизнинг деярли барча ҳудудларида фаолият юритаётган репетиторлик ўқув марказлари ҳам ана шундай имкониятлар самарасидир.

Балиқчи туманида яшайдиган Назира Тўлқинова ҳам 2019 йил октябрь ойида туманнинг “Ифтихор” маҳалласида хусусий корхона шаклидаги ўқув маркази ташкил қилиш орқали ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяди. Мазкур ўқув маркази рус ва инглиз тилини ўргатишга ихтисослашган. Албатта, бу эзгу ишнинг самараси тез орада кўзга ташланди. Аниқроғи, ушбу ҳудудда яшайдиган ёшлар ўқув марказида билим олиб, талабалик бахтига муяссар бўлишди.

Аммо орадан икки йил ўтгач, Н. Тўлқинова тадбиркорлик фаолияти орқали топаётган даромадига қаноат қилмай, фирибгарликка қўл урди. Яъни у ўқув марказига инглиз тилини ўрганиш мақсадида келган абитуриентлар М. Аҳрориддинов ва А. Акбаровни алдаб, чув туширди.

Н. Тўлқинова аввалига ёшларни АҚШнинг “Jacksonville” номли университетида ўқишга қизиқтиради. Шу мақсадда уммон ортида таълим олиш учун яратилган имкониятлар ҳақида оғиз тўлдириб гапиради ва шундан сўнг танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишга ҳам ваъда беради.

Хуллас, Н. Тўлқинова шундай алдов йўли билан 2021 йилнинг охирларида М. Аҳрориддиновдан “университетда рўйхатдан ўтиш, тиббий кўрик, контракт тўлови ва виза олиш, таниши орқали ҳужжатларни расмийлаштиришни тезлаштириш ҳаражатлари учун”, деган баҳона билан 4 512 АҚШ доллари ҳисобида 48 721 000 сўм олади. 2022 йилнинг бошларида эса, иккаласининг ҳисобидан “ўзининг хизмат ҳақи, виза карта тўлови, 5 ойлик тайёрлов курсининг ётоқхона харажатлари, олдиндан авиабилет сотиб олиш учун”, деган важ билан 46 964 600 сўмни қўлга киритади. Бироқ у бу маблағни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

Бундан ташқари Н. Тўлқинова пул ундиришнинг яна бир антиқа усулини ўйлаб топади.

— Мен Америкага бориб, сизларни жойлаштириб келишим керак. Лекин паспортимнинг амал қилиш муддати тугаган, янгисини олишга эса пулим йўқ, — дейди у йигитларга муғомбирона оҳангда.

Қисқаси, фирибгар аёл 2022 йил 10 январь куни М. Аҳрориддиновдан 200 АҚШ доллари қарз олади. Аммо фуқаролик паспортини расмийлаштириш учун ҳеч қандай тўловни амалга оширмайди. Қарзини қайтаришни эса, хаёлига ҳам келтирмайди. Бироқ бу репетитор аёлнинг охирги фирибгарлиги эмасди. Чунки у 2022 йил февраль ойининг бошларида яна М. Аҳрориддиновни аврашга тушади.

— Бир неча йил илгари Америкада ўқиб юрган пайтимда криптовалюта сотиб олгандим. Ҳозир у тўрт минг долларга кўпайган. Ўша пулни россиялик адвокатим ёрдамида чет эл виза картасига тушириб олмоқчиман. Шунинг учун адвокатлик хизмати учун беш юз доллар бериб турсангиз, — дейди у. – Узоғи билан икки кунда қайтараман.

Бинобарин, соддадил М. Аҳрориддинов яна унинг алдовига лаққа ишониб, 500 АҚШ доллари ҳисобида 5 422 010 сўм қарз беради. Лекин бу пуллар ҳам аввалгиларига ўхшаб ҳақдорга қайтмайди. Шундай бўлса-да, М. Аҳрориддинов ва А. Акбаров яна уч ой кутишади.

Аммо фирибгар аёлнинг алдовларининг охири кўринмайди. Шу боис жабрланувчилар тоқатлари тоқ бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Оқибатда фирибгар репетиторга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди. Судланувчининг 3 нафар вояга етмаган фарзандлари қаровсиз қолгани сабабли онаси Г. Муҳамедованинг васийлигига топширилди.

Назира Тўлқинова 4 512 АҚШ долларининг 1 500 долларини “ҳужжатларни расмийлаштиришни тезлаштириш учун” дея пора тариқасида олганди.

Жабрланувчилар ҳам жиноят эканини била туриб, шунча маблағни пора тариқасида беришган. Бинобарин, суд ана шу 1 500 АҚШ долларини давлат эгалигига ўтказди.

Хулоса ўрнида бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардик. Кунда-кунора телевидение, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида фирибгарликнинг турли кўринишлари, усулларидан огоҳ этувчи хабар, лавҳа ёки суд очерклари бериб борилмоқда. Аммо баъзи юртдошларимиз пешоналари деворга урилиб, ўзлари жабрланувчи ёки судланувчига айланмагунча кўзларини очишмаяпти. Яъни соддадил инсонлар иш битиришнинг осон йўлини танлаб, фириб тузоғига илинаётган бўлишса, бели оғримай пул топиш пайига тушган кимсалар фирибгарликдан тап тортишмаяпти. Шундай экан, баён этилган воқеа ҳам албатта, кимнингдир сабоқ чиқаришига сабаб бўлади, деган умиддамиз.

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Балиқчи тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: