СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР АСОСИДА ТАКОМИЛЛАШТИРМОҚДА

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли юртимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судлар ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, ушбу ҳужжат давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Ушбу қонун асосида Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекслар, Жиноят-ижроия, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар, шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қонун орқали:

– суд тизимида «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилди;

– маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга оширилиши белгиланди;

– оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилиши назарда тутилди;

– оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди;

– суд ҳужжатлари маъмурий органлар томонидан ижро этилмаган тақдирда уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидалар белгиланди.

Ягона суд амалиётини таъминлаш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу қонунда жиноят процессида кассация инс­танцияси судининг хусусий ажрими, фуқаролик процессида кассация шикоятини ё протестини кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти ё протести бўйича иш юритишни тугатишга доир процессуал қоидалар ҳам назарда тутилган.

Хусусан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилди:

Биринчидан, маъмурий судларда иш юритиш “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга оширилишида:

• суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ барча зарур чораларни кўради;

• суд процесси иштирокчилари тақдим этган далиллар ишни тўғри ҳал қилиш учун етарли бўлмаган тақдирда, маъмурий суд ўз ташаббусига кўра, қўшимча далилларни талаб қилиб олади;

• суд процесси иштирокчилари зиммасига иш ҳолатларини аниқлаш ва далилларни тўплашда маъмурий судга кўмаклашиш мажбурияти юклатилади.

Иккинчидан, фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш ва маъмурий низо билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам бир жойда ҳал этилишини таъминлаш учун маъмурий судга асосий низо билан бирга давлат органи ёки мансабдор шахс етказган зарарни ундириш, шунингдек, мажбурий ундириш кучига эга бўлган ижро ҳужжати устидан шикоятларни кўриш ваколати берилди.

Учинчидан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари ўз вақтида тикланишига эришиш мақсадида маъмурий суд қарорлари ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмлар белгиланди.

Бунда давлат органлари, маҳалла ҳамда бошқа ташкилотлар маъмурий суд қарорини 1 ой давомида ижро қилмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, яъни 1 миллион 650 минг сўмгача суд жаримаси қўлланиши, суд қарори ижроси кейинчалик ҳам таъминланмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида, яъни 16 миллион 500 минг сўмгача ошиб борувчи жарима қўлланиши жорий этилди.

Тўртинчидан, маъмурий судда кўриладиган айрим тоифадаги ишларда суд процесси иштирокчиларига келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди.

Бунда:

• суд процесси иштирокчиларига келишув битимини маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичлари ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тузиши мумкин;

• тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин;

• давлат органи келишув битимини фақат унда қонун ҳужжатларида белгиланган бир нечта чоралардан бирини ўз ихтиёрига кўра, қўллаш ваколати мавжуд бўлгандагина тузиши мумкин бўлади. Бунда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан маъмурий-ихтиёрийлик, яъни дискрецион ваколат деганда, маъмурий органнинг қонунчилик доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қонунийлик ва мақсадга мувофиқликка ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи тушунилади.

Шу билан бирга Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилишига оид қоидалар киритилди:

• даъво аризаси уни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган судга тақдим этилган бўлса, у суд томонидан ваколатли бўлган бошқа судга ўтказилиши;

• даъво аризасида камчилик­лар бўлганда, ваколатли суд уни аризачига қайтармасдан, камчиликларни бартараф этиш учун 10 кунлик муддат бериши;

• камчиликлар 10 кунлик муддатда бартараф этилмаганда, суд даъво аризасини аризачига қайтариши, улар бартараф этилган тақдирда даъво аризаси ваколатли суд томонидан қабул қилиниши ва мазмунан кўрилиши;

• фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар ўртасида тааллуқлилик тўғрисидаги низога йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, ушбу қонун асосида Фуқаролик процессуал кодексида кассация инстанцияси суди томонидан кассация шикоятини кўрмасдан қолдириш ва шикоят бўйича иш юритишни тугатиш асослари ва тартиби, Жиноят-процессуал кодексида кассация инстанцияси судининг хусусий ажрим чиқариш ваколати белгиланди.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, маъмурий судларнинг қарорлари мажбурий ижро этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхатига киритилди. Давлат ижрочиси қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан шикоят фақат маъмурий судлар томонидан кўрилиши белгиланди. Чунки илгари иқтисодий суд қарори бўйича ижро ҳужжати юзасидан, давлат ижрочиси қарори устидан шикоят иқтисодий суд томонидан кўрилар эди.

Ўз навбатида, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда маъмурий судга асосий низо билан бирга давлат органи ёки мансабдор шахс етказган зарарни ундириш ҳақидаги талаб тақдим этилганда давлат божи талаб баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, янги қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини ўрнатиш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: