ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССИДА ТАРЖИМОН ИШТИРОКИ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРГА ТАЯНИШИ ЗАРУР?
Айтиш керакки, суд процессида таржимон одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи муҳим шахс ҳисобланади. Бу мутахассис чет тилини мукаммал билиши керак. Чунки унинг таржимаси сифати ишнинг натижаси ва процесс иштирокчиларининг тақдирига таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизда фуқаролик процессида таржимоннинг иштироки билан боғлиқ муносабатлар Конституция ва Фуқаролик процессуал кодекси билан тартибга солинади.
Конституциямизнинг 115-моддасига асосан мамлакатимизда суд ишларини юритиш ўзбек, қорақалпоқ ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда амалга оширилади. Суд ишларини юритиш тилини билмайдиган шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўлиқ танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Ушбу қоидалар Фуқаролик процессуал кодексининг 11-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, судда она тили ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатма ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек, ушбу кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб, ёзма ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, амалдаги қонунда фуқаролик процессида таржимон сифатида ким қатнашиши мумкинлиги белгиланмаган. Шу сабабли суд ходимларининг ушбу вазифани бажариш ҳолатлари ҳам учрайди. Шу боис ҳуқуқшунос «алоҳида мутахассислик ҳисобланган таржимон вазифасини профессионал даражада бажара оладими?» – деган савол туғилади.
Айрим ривожланган давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, таржимонлик фаолияти билан махсус аттестациядан ўтган, лицензияга эга бўлган мутахассислар шуғулланади. Таржимонлик алоҳида соҳа эканидан келиб чиқиб, мутахассислиги бошқа бўлган шахсларнинг таржимонлик қилиши амалиётидан воз кечиш, ушбу фаолият билан фақат лицензияга эга бўлган мутахассисларни шуғулланишини таъминлаш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун Фуқаролик процессуал кодексига таржимоннинг мақоми ва у қандай талабларга жавоб бериши лозимлигини белгиловчи янги қоидани киритиш зарур.
Бундан ташқари Фуқаролик процессуал кодексининг 132-моддасида таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ишни кўриш билан боғлиқ бўлган чиқимлар сифатида эътироф этилиб, уларни тўлаш тартиби ҳам белгиланган. Лекин суд ҳужжатларини таржима қилганлик учун суд чиқимларини тарафлардан ундиришда агар тарафлардан бири халқаро шартномаларга асосан тўловлардан озод қилинган бўлса, чиқимларни қандай ундириш тартиби аниқлаштирилмаган. Шу боис Фуқаролик процессуал кодексининг «Фуқаролик процессида чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки» ҳақидаги бўлимга бундай ҳолатда чиқимларни давлат бюджетидан ундириш ҳақидаги қоидани киритиш зарурати бор.
Бинобарин, судларда таржимонлик фаолияти билан махсус лицензияли мутахассисларнинг шуғулланиши фуқароларнинг ҳуқуқларини сифатли ҳимоя қилинишини таъминлаш баробарида одил судлов сифатини ҳам ошириши шубҳасиз.
Дилноза Исаева,
Судьялар олий мактаби тингловчиси
Фикр қолдириш