СУДЛАР МУСТАҚИЛЛИГИ КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ ОДИЛ СУДЛОВНИНГ МУҲИМ МЕЗОНИ
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йилдан буён суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш мақсадида тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Шу даврда Конституциямизга киритилган ўзгартиришларнинг учтаси айнан суд тизимини такомиллаштириш ва судлар мустақиллигини таъминлашга қаратилган.
Айтиш керакки, умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда одил судлов тизими мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги қоидалар ўрин олгани суд тизимидаги ислоҳотларни том маънода янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 136-моддаси биринчи қисмига судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги ҳақидаги қоида киритилди. Бу суд мустақиллигини таъминлаши билан бирга ҳар қандай ҳолатда ҳам қонуний қарор қабул қилишга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ҳисобланади. Шу модданинг 3-қисмига киритилган “Давлат судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлайди”, деган қоида ҳам одил судлов мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатидир.
Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ўз фаолиятини амалга оширишда судьялар ва уларнинг оила аъзолари учун жиддий хавфлар ҳам туғилиши мумкин. Хусусан, мураккаб тоифадаги жиноят ишларининг судларда кўрилишида судьялар ва уларнинг яқинлари хавфсизлигини таъминлаш масаласи янада жиддийлашади. Бундай вазиятда судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигининг тўлиқ таъминланиши иш бўйича адолатли қарор қабул қилиниши, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилади.
Бундан ташқари янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 136-моддаси тўртинчи қисмида “Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади. Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимдан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас”, деган қоида қайд этилган.
Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда судьялар мустақиллигини таъминловчи муҳим қадам сифатида судья лавозимида бўлишнинг биринчи маротаба беш йиллик, навбатдаги ўн йиллик ва муддатсиз даври белгиланган. Шу билан бирга, судьялар ўз ваколати муддатида алмаштирилмаслиги уларнинг одил судловни амалга оширишда мустақил ва холис бўлиши кафолати ҳисобланади.
Ушбу кафолат одил судлов мустақиллигига оид деярли барча халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган. Жумладан, 1985 йилда қабул қилинган Суд ҳокимияти мустақиллиги асосий принципларининг 11- ва 12-бандлари ҳамда 1998 йилда қабул қилинган “Судьялар мақоми тўғрисида”ги Европа хартияси 3-бўлимидаги судьяларнинг алмаштирилмаслигига доир қоидалар мустақил одил судловни таъминлашда энг асосий мезон ҳисобланади.
Ушбу конституциявий меъёр билан одил судловни амалга ошириш жараёнида судьяларнинг мустақиллиги янада кафолатли таъминланади.
Судья ўз ваколат муддати давомида алмаштирилмаслиги туфайли ҳар қандай ташқи ва ички идоравий таъсирлардан холи, мустақил ва ишонч билан фаолият юритади.
Бундан ташқари ушбу қоида доирасида судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартиб ва асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги кафолатланади. Бунинг натижасида судьянинг ўзи розилигисиз бошқа лавозим ёки судга ўтказилиши мумкин эмаслиги, судьялар фаолиятига аралашиш, тазйиқ ўтказиш, асоссиз фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш каби ҳолатларга барҳам бериш механизми жорий этилади. Бундай конституциявий қоидалар ривожланган хорижий давлатлар, хусусан, Испания, Хорватия, Португалия, Греция каби давлатлар Конституциясида ҳам белгилаб қўйилган.
Хуллас, янги таҳрирдаги Конституциямизда кафолатланган суд тизимига оид янги қоидалар судьялар мустақиллигини таъминлаб, пировардида одил судлов сифатининг ошишига хизмат қилади.
Элбекжон ТУРҒУНБОЕВ,
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш