ОРТИҚЧА ТЎЛОВ ВА КАМОМАД ТЕГИШЛИ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда муомала ва меҳнатга лаёқатсиз, боқувчисини йўқотган, “Меҳрибонлик уйлари” ҳамда болалар шаҳарчаларида тарбияланган, шу каби иш қидираётган, иш таклиф этилса, унга киришишга ҳозир, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, тадбиркорлик, шунингдек, ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилди. Шунинг баробарида бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар ҳам яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Табиийки, сиз гап ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган, улар томонидан иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатга оладиган “Ёшлар дафтари” ҳақида бораётганини англаган чиқарсиз.

Ҳақиқатан ҳам, “Ёшлар дафтари” эндиликда ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бўлган ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базасига айланди.

Ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган, “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга бир марталик моддий ёрдам берилмоқда. Бундан ташқари уларнинг тадбиркорлик, касб-ҳунар ўрганиши, қайта тайёрлов курсларида ўқиш харажатлари тўлиқ қопланмоқда.

“Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинганларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, шунингдек, деҳқончиликда уруғлик, боғдорчиликда соҳасига кўчатлар харид қилиши учун субсидиялар ажратилмоқда.

Умуман олганда, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган шахслар, уларнинг оилаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик, меҳр-мурувват тамойилларига асосланган ижтимоий кўмак хусусида яна кўп гапириш мумкин.

Ўз навбатида, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган шахслар ҳам “Ёшлар жамғармаси” маблағларини тасарруф этишда қонун талабларига қатъий риоя қилиши, бу борада белгилаб қўйилган тартиб-таомилдан четга чиқмаслиги, адолатли иш тутиши талаб этилади. Акс ҳолда давлат бюджет маблағининг талон-торож қилиниши муайян ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Бу фикрларимизнинг тасдиғи учун ҳаётий мисол келтирамиз. Гап шундаки, судланувчи Ш. Сайфиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2020 йил 17 августидан 2022 йил 10 октябрига қадар Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.

У раҳбарлик фаолияти давомида мансаб мавқеини суиистеъмол қилган.

Ш. Сайфиддинов Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Вақтинчалик тартиб талабларини қўпол равишда бузган. Бинобарин, Вақтинчалик тартибнинг 10-бандида моддий аҳволи қийин ёшларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлашнинг аниқ миқдори ёшнинг ҳаётий вазияти мураккаблигини инобатга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ тўлаб берилиши қайд этилган.

Аммо Ш. Сайфиддинов туман ҳокимлиги “Ёшлар жамғармаси” Васийлик кенгаши қарорининг 1-иловасига асосан рақамсиз хазина чиқим ордери орқали фуқаро С. Тангриева ва Б. Қўлдошевага 1 миллион 80 минг сўм ўрнига, ҳар бирига 5 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули ажратган. Оқибатда у давлат бюджети маблағидан 7 миллион 840 минг сўм ортиқча тўланишига сабабчи бўлган.

Шуни ҳам айтиш керакки, Вақтинчалик тартибнинг 4-бандида “Ёшлар дафтари”га ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ёшлар киритилиши, тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган ишсиз ёшларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш белгилаган. Буни Ш. Сайфиддинов ҳам яхши билган.

Бироқ Ш. Сайфиддинов амалда ушбу тартибга зид иш тутган, яъни давлат бюджети маблағи ҳисобидан “ҳотамтойлик” қилган. Ёши ўттиз бирдан ошган Ж. Юсуфалиева ва Г. Мирзажоновага 245 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тўлаб бергани етмагандек, у амалдаги тартибга хилоф равишда ўттиз бир ёшдан ошган фуқаро С. Ҳасанбоевага ҳам бир дона тикув машинаси олиши учун 2 миллион 100 минг сўм ажратади.

Қисқаси, Ш. Сайфиддинов беш ҳолатда 10 миллион 430 минг сўм бюджет маблағини талон-торож этади.

Бундан ҳам қизиғи шундаки, туман ҳокимлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимига 2022 йилнинг 28 февралида ҳар бир донаси 5 миллион 790 минг сўм бўлган, жами 81 миллион 105 минг сўмлик 14 дона “Planshet” қурилмаси берилади. Бу техник воситалар бўлимнинг асосий воситалари сифатида рўйхатга олинади.

Аммо бунга қарамай Ш. Сайфиддинов “Planshet” воситаларини Тошкент шаҳрига олиб боради-да, ҳар бирининг ўртача бозор баҳоси 2 миллион 600 минг сўмдан, умумий қиймати 33 миллион 800 минг 351 сўмга тенг бўлган 13 дона “Lenovo” ноутбук компьютерига алмаштириб келади.

Ш. Сайфиддинов бунча ноутбукни нима қилган, дейсизми?

У ноутбукларни бўлимда ишлайдиган ўн уч нафар етакчига фойдаланиш учун беради. Масаланинг энг ёмон томони шундаки, бирон-бир ҳужжатсиз, қонунга зид равишда қилинган бу қилмиш оқибатида бюджет маблағининг 47 миллион 304 минг 649 сўми талон-торожига қилинган.

Жиззах вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимида ўтказилган текшириш жараёнида Ш. Сайфиддиновнинг қилмишлари ошкор бўлди. Ш. Сайфиддинов жами 60 миллион 134 минг 646 сўм ортиқча тўлов ва камомадга йўл қўйгани аниқланди.

Яқинда очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Суд тергов органи томонидан Ш. Сайфиддиновни мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзганинг мулкини такроран талон-торож қилганликдаги жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б” ва “г” бандлари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Тергов даврида судланувчи томонидан етказилган зарар ўрни тўлиқ қопланган. Шу боис суд Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида белгиланган “етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” деган қоидага асосланди.

Суд Ш. Сайфиддиновга ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Қўшимча жазо тариқасида у бир йил олти ой муддатда барча турдаги давлат корхонаси, муассасаси ҳамда ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Хулоса ўрнида айтганда, судланувчи Ш. Сайфиддиновнинг қилмиши бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак. Зотан, ҳаётда инсон фақат ҳалол меҳнати, фидойилиги ва ростгўйлиги билан обрў-эътибор топади.

Жиноий қилмиш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Мақсуд ЭРНАЗАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Арнасой тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: