ТАДБИРКОРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР ТУМАН ҲОКИМЛИГИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ
Ҳаётда инсон ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка тоқат қилолмайди. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Қуйидаги воқеа тафсилоти ҳам шу ҳақида.
Бешариқ туманида яшайдиган Ёқутхон Кенжабоева бундан бир неча йил муқаддам яхши ният билан туманнинг “Булоқбоши” маҳалласи, Сирдарё кўчасида жойлашган умумий ер майдони 119 метр квадратдан иборат, олди айвонли савдо дўконини сотиб олади. 2009 йил 30 сентябрда унинг мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади.
Бироқ туман ҳокимлиги томонидан 2013 йил 15 декабрда тасдиқланган аҳоли пунктларини комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси хулосаси асосида ушбу савдо дўкони бузиб ташланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарорига асосан савдо дўкони ўрнига бошқа ер майдони ажратиб берилиши маълум қилинади. Бу ҳақида тегишли қарор ҳам қабул қилинган бўлса-да, Ё. Кенжабоевага ер ажратиб берилмайди.
Шундан сўнг Ё. Кенжабоева муаммони ҳал этиб беришни сўраб, Бешариқ тумани ҳокимлигига мурожаат қилади. Аммо орадан анча йиллар ўтса ҳам муаммога ечим топилмайди.
Шундан сўнг ўзининг Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда Ё. Кенжабоева фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, савдо дўкони бузилиши муносабати билан етказилган зарарни аниқлаб, ундириб беришни сўради. Бироқ суднинг 2022 йил 29 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъво талаби рад этилди. Бундан норози бўлган Ё. Кенжабоева Фарғона вилояти судига апелляция шикояти билан мурожаат қилди.
Шу ўринда айтиш керакки, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ ҳажмда қопланиши керак.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 15-моддасида “Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим. Бундай зарарнинг ўрни давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг маблағлари ҳисобидан қопланади”, дея белгиланган. Аммо биринчи инстанция суди ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, мавжуд далилларни муҳокама қилиш ва баҳо бериш чораларини кўрмаган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 396-моддасида суд ишни апелляция тартибида кўраётганда, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириши, қолаверса, янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкинлиги қайд этилган. Ана шу асосга таянган апелляция инстанцияси қайта баҳолаш экспертизаси тайинлади. Ё. Кенжабоевага тегишли савдо дўкони “Дисконт инвест” масъулияти чекланган жамиятининг 2022 йил 26 октябрдаги баҳолаш хулосасида 125 126 000 сўмга баҳоланган.
Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази Андижон вилояти филиалининг 2023 йил 17 мартдаги судга оид қурилиш экспертизаси хулосасида “Дисконт инвест” масъулияти чекланган жамиятининг бахолаш хулосаси илмий асосланмагани, савдо дўконининг 2013 йил декабрь ойи ҳолатидаги бозор қиймати 37 486 069 сўм, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг бугунги кундаги қиймати 127 601 992 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. Бу қийматларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси асосида 15 фоиз қўшиб ҳисобланса, 170 710 971 сўм келиб чиқади. Шу боис Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2022 йил 29 ноябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, Ё. Кенжабоеванинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилди. Ушбу қарорга асосан Ё. Кенжабоеванинг фойдасига Бешариқ тумани ҳокимлиги орқали маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 170 710 971 сўмлик компенсация ҳамда 8 230 000 сўм миқдорида суд ва экспертиза харажати ундириб берилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир иш юзасидан адолатли қарор чиқариш ва шу орқали қонун устуворлигини таъминлаш суд фаолиятининг мезони ҳисобланади. Зеро, бу юртдошларимизнинг суд ҳокимияти ва амалдаги қонунларимизга бўлган ишончини янада оширади.
Бузрукхон АБРОРОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш