ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ
2023 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Олий суд судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ва маъмурий судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Олий суд раиси Б. Исламов олиб борган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда сўнгги олти йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилганлиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида Президентнинг қатор фармонлари ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кодекслар янгидан қабул қилинди, янги қонунлар қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шу билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш, суд мустақиллиги ва одил судлов институтини янада мустаҳкамлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш борасидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Жорий йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ суд амалиётида Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича зарур асосларни яратиш мақсадида ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини қабул қилиш белгиланди. Бугун қабул қилинган «Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарорида Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилган. Мазкур Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.
Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик турли хил янги усулларда содир этилаётганлиги, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани ушбу тоифадаги ишларни доимий таҳлил қилиш орқали жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, фирибгарлик билан боғлиқ ишларни кўриш бўйича шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо беришда, қилмишни тўғри квалификация қилишда, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ўртасидаги фарқни аниқлашда ягона суд амалиёти йўлга қўйилмагани Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини танқидий қайта кўриб чиқишни тақозо қилди. Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани, қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Пленумнинг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори янги таҳрирда қабул қилинди.
Реабилитация – бу асоссиз жиноий таъқибга учраган шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида минглаб шахс реабилитация қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳақида суд қарорлари чиқарилди. Бироқ реабилитация этилган шахсларга етказилган зиённи қоплаш ва уларнинг бошқа ҳуқуқларини тиклашда нафақат судларда, балки бу масалага доир мутасадди идораларда ҳам йиллар давомида тушунмовчиликлар юзага келаётганлиги сабабли “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги янги Пленум қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Унда илк бор айнан кимлар реабилитация қилинган шахс, деб ҳисобланиши, қайси ҳолларда етказилган мулкий зиёнлар тўла ҳажмда қопланиши ва бошқа муҳим тушунтиришлар бериб ўтилган.
Бугунги технологик тараққиётда интеллектуал мулк ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда, давлатнинг глобал иқтисодиётдаги рақобатбардошлигини белгилаб бермоқда. Дунё бўйича энг қимматбаҳо мулк – бу интеллектуал мулкдир. Мамлакатимизда ҳам интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда. Интеллектуал мулкни рағбатлантиришга доир нормалар Асосий қонунимиздан ҳам ўрин олган. Интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини таъминлаш билан бирга уларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини йўлга қўйиш ва амалга ошириш ҳамда бу йўналишдаги амалиётни такомиллаштириш давр талабидир. Шу мақсадда, судлар томонидан бу борадаги даъво аризалари, ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда турлича ёндашувларнинг олдини олиш ва суд амалиётини бирхиллаштириш зарурати мавжудлиги сабабли Олий суд Пленуми томонидан қонунни қўллаш бўйича тушунтириш беришни даврнинг ўзи тақозо этди. Ишлаб чиқилган Олий суд Пленумининг “Интеллектуaл мулккa оид ишлaрни кўриб чиқишнинг aйрим мaсaлaлaри тўғрисидa”ги қарорида бу борадаги ишларни кўришда ягона суд амалиётини шакллантиришга оид тушунтиришлар акс эттирилди.
Фикр қолдириш