НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётган экан, аввало ҳар бир шахс, айниқса, раҳбар ходимлар қонун талабига риоя этишни фаолиятининг асосий мезони деб билиши шарт. Зотан, қонун устуворлиги таъминланган муҳитда ортиқча муаммога ўрин қолмайди.

Бунинг акси бўлганида, яъни қонун талабига беписанд муносабат бўлиш эса, турли хил муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч кимга сир эмас.

Масалан, Данғара туманига 2020 йил февраль ойига қадар раҳбарлик қилган Саидмурод Аминжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шахсий манфаатини қонун талабидан устун қўйиб, ҳокимлик заҳирасидаги хизмат уйини ўзининг номига расмийлаштириб олади.

Яъни туман ҳокимнинг 2022 йил 26 декабрдаги қарорига биноан, “Пишқарон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, фойдаланишдаги майдони 393 метр квадрат, қурилиш эгаллаган майдони 139,45 квадрат метрдан иборат уй ва бино-иншоотларга С. Аминжоновнинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилади.

Хўш, бу қарор қонун талабига мосми?

Йўқ, албатта. Чунки Президентимизнинг 2021 йил 8 июнда имзоланган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2021 йил 1 августдан эътиборан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари бекор қилинган. Аниқроқ айтганда, туман ҳокимининг ер муносабатлари юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш билан боғлиқ ваколатлари бекор қилинган.

Мазкур тартиб 2021 йил 16 августда қабул қилинган “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган.

Бироқ туман ҳокими бу қонуний талабларга зид равишда қарор қабул қилган.

Албатта, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетмайди, орадан кўп вақт ўтмай айни қонунбузилиш ҳолатини аниқлаган Данғара тумани адлия бўлими 2023 йил 4 январь куни алоқа хати орқали туман прокуратурасига хабар беради. Шу боис туман прокурори Фарғона туманлараро маъмурий судига ариза шикояти билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг юқоридаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўради.

Айтиш керакки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар ё ҳаракатсизлик қонун ҳужжатларига зид эканини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни ё ҳаракатсизликни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Бинобарин, Фарғона туманлараро маъмурий суди ана шу асосларга таянган ҳолда Данғара тумани прокурорининг ариза шикоятини қаноатлантирди. Туман ҳокимининг 2022 йил 26 декабрдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Суд туман ҳокимлиги зиммасига йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида суд ҳамда аризачига суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой муддат ичида хабар бериш мажбуриятини юклади.

Натижада туман ҳокимининг 2023 йил 28 мартдаги қарорига асосан юқоридаги ғайриқонуний қарор бекор қилинди.

Яна бир гап. Афсусланарли томони шундаки, судда маъмурий ишни кўриш жараёнида туман ҳокимлиги ҳуқуқшуносининг ўз ишига масъулиятсизлик билан қараши ҳам аён бўлди. Аниқроқ айтганда, туман ҳокими ўзининг ҳақиқий эмас деб топилган қарорига Ер кодексининг 19-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 187-моддасини асос қилиб келтирган.

Аслида 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Ер кодексидан 19-модда чиқариб ташланган. Фуқаролик кодексининг 187-моддаси бекор қилинган қарорни қабул қилишга асос ҳисобланмайди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун талабларини менсимаслик, масъулиятсизлик ҳамиша муаммо келтириб чиқариши аниқ. Шу боис, ҳар бир ишда қонунга риоя этиш зарур. Ана шунда ҳеч кимнинг ҳуқуқи бузилмайди ва ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: