“УНУТИЛГАН” МАЖБУРИЯТ ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ
Деҳқон ва фермерлар эрта баҳордан мўл-кўл ҳосил етиштириш орқали даромад олишни кўзлайди. Албатта, бунинг учун тиним билмай меҳнат қилади. Улар етиштирган ҳосил ҳақини ўз вақтида олса, меҳнатига рози бўлади. Акс ҳолда бу ортиқча оворагарчиликни келтириб чиқаради.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Фарғона вилоятида фаолият юритувчи кластер шаклидаги “Feyxan-Teкs” масъулияти чекланган жамияти Фурқат туманидаги бир қатор фермер хўжаликларининг ҳақини бермай овора қилган. Хусусан, 2022 йил 18 январь куни тумандаги “Тиллотепа миришкори” фермер хўжалиги ва “Feyxan-Teкs” масъулияти чекланган жамияти ўртасида пахта хомашёси ва уруғлик пахтани етказиб бериш ҳамда харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Ушбу шартномага асосан фермер белгиланган майдонда пахта етиштириб, ҳосилни кластерга етказиб берган. Бошқача айтганда зиммасидаги шартномавий мажбуриятни тўлиқ бажарган. Уруғлик чигит, ёқилғи мойлаш материаллари, техника хизмати ва бошқа харажатларни чегириб ташлаган ҳолда ҳисобланганда фермер хўжалиги етиштирган ҳосил ҳақи 417 028 192 сўмни ташкил қилган. Бироқ кластер масъуллари фермернинг ҳақини ўз вақтида тўлаб бермаган. Ваҳоланки, шартноманинг 2.4-бандига биноан кластер 2022 йилнинг 31 декабрга қадар хўжалик билан ҳисоб-китобларни тўлиқ амалга ошириши шарт эди.
Охир-оқибат Фурқат тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кластер ҳисобидан “Тиллотепа миришкори” фермер хўжалиги фойдасига 417 028 192 сўм асосий қарз, 98 418 653 сўм пеня ундириб беришни сўради.
Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига биноан, мажбуриятлар мажбурият шартлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида иш муомаласи одатлари ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Ушбу кодекснинг 465-моддасида контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга — тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олиши, тайёрловчи бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олиши белгиланган.
Судга даъво аризаси киритилгач, қарздор фермер хўжалигига 1 999 999 сўм маблағ тўлаган. Шу боис суд даъво аризани қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 415 028 192 сўм асосий қарзни ундириш юзасидан ҳал қилув қарор қабул қилди.
Бундан ташқари кластер “Агро чорва оптима”, “Дилнозахон Аббосхон замини”, “Дилшодбек Меҳриноз”, “Мустақил юрт агрономи”, “Нур Анвар саодати”, “Одилов Ортиғали замини”, “Ойдин барҳаёт”, “Сара уруғлар”, “Унумдор ер туҳфаси”, “Ҳайитбой ота”, “Элёрбек” каби фермер хўжаликлари ҳақини ҳам ўз вақтида тўлаб бермаган экан. Шу боис суд Фурқат тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг даъвоси асосида ана шу хўжаликларга тегишли маблағларни ҳам ундириб берди. Бунинг натижасида фермерларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, ортиқча оворагарчиликка чек қўйилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, фермер ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Бу мамлакатимиз иқтисодини юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади.
Ҳусниддин
ЖАМОЛИДДИНОВ,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш