САЙЁР ҚАБУЛЛАР

10 январь 2019

Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари — фарзандлар камолга етади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида 2018 йил 20 июлда тасдиқланган «Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги Меморандумнинг мақсади ҳам баркамол авлодни соғлом муҳитда тарбиялаш, оилалар мустаҳкамлиги ва тотувлигини таъминлаш, никоҳдан ажралишларнинг олдини олишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. 
 
Мазкур Меморандум ижроси доирасида Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маҳмудова билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар маркази биносида хотин-қизлар ва вояга етмаган болалар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажралишларнинг олдини олишга қаратилган очиқ мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди.
 
Тадбирда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, ёшларни оилага тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тизимини миллий тамойиллар асосида кенгайтириш ва замонавий услубда шакллантиришга эътибор қаратилди.
 
Эътироф этиш керакки, тадбир жараёнида турли сабабларга кўра, ажрашиб яшаётган эр ва хотинлар билан ўтказилган алоҳида-алоҳида суҳбатлар натижасида 53 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.
 
Бу оилаларнинг тикланиши қанчадан-қанча болажонларнинг кемтик кўнгли тўлгани, ўксик қалби қувонганини англатади.
 
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоят Халқ қабулхонасида Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров томонидан фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилиб, унда 30 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинди, оила ва бошқа масалаларга доир мурожаатлар жойида ҳал этилди.
 
Тадбирнинг иккинчи кунида Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйига ташриф буюрилди.
 
Албатта, инсоний самимият ва эътиборга муҳтож болаларга меҳр-мурувват кўрсатиш, кўнглига қулоқ тутиш халқимизга хос юксак қадрият саналади.
 
Меҳрибонлик уйида болалар ҳамда уларнинг яқинлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатлари натижасида бу масканда тарбияланаётган 7 нафар бола қариндошлари томонидан оиласига олиб кетилди.
 
Шунингдек, 3 нафар аёлга оналик ҳуқуқини тиклаш юзасидан зарур чора кўрилган бўлса, 4 та ночор оиладаги аёллар доимий ишга жойлаштирилди.
 
Меҳрибонлик уйида тарбияланувчи 20 нафар болаларга Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан китоблар совға қилиниб, уларнинг қувончига қувонч улашилди.
 
Бу каби тадбирларнинг уюшқоқлик билан ўтказилиши қанчадан-қанча болажонларнинг кемтик кўнгли тўлгани, ўксик қалби қувонганини англатади, шунингдек, оилалар мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлашга, жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга, баркамол авлодни соғлом муҳитда тарбиялашга хизмат қилади. 
 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: