11 январь 2019
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда биринчи марта лавозимга тайинланган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар, маъмурий ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Судьялар ва ота-оналар иштирок этган тадбирда Олий суд раиси К. Комилов ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳаси фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошрилди.
Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2019 йил 5 январдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 79 нафар судья қасамёди эшитилди.
Тадбирга ташриф буюрган ота-оналар янги судьяларга оқ фотиҳа бериб, энг яхши тилакларни билдирди.
Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» топширилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш