Тадбиркорлик – бир сўмни икки сўм қилиш дегани. Шу мақсадда пул тикилади, тер тўкилади. Манфаатдор томонлар ўзаро муомала-муносабатларига қонуний тус бериб, шартнома имзолайдилар. Унда хизматга ҳақ қачон, қандай тартибда, қанча муддатда тўланиши белгилаб қўйилади. Шарт ўз вақтида бажарилса, ишбилармонга берди Худо, акси бўлса-чи?..
Яшанг! Қонуний ҳақ суд орқали ундирилади! Ахир, мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида: қарздор асосий қарздан ташқари ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида пеня ва барча суд харажатларини ҳам тўлайди.
Сўзимиз қуруқ бўлмасин, мулоҳазаларимизни Сурхондарё вилоят иқтисодий судида кўрилган ишлар мисолида давом эттирамиз.
Берарда чиқар жоним…
“Бахтиёр-Термиз-Бахт” масъулияти чекланган жамияти автомобиль эҳтиёт қисмларини етказиб бериш билан шуғулланади. “Трансйўлқурилиш” компанияси билан 2017 йили 95 185 500 сўмлик шартномалар тузилган эди.
Уларга асосан маҳсулот ўз вақтида етказиб берилди. Аммо “Трансйўлқурилиш” ҳақнинг 57 404 500 сўмини тўламасдан ортга суриб келди.
Шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармади.
Шундан сўнг МЧЖ раҳбари вилоят иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, “Трансйўлқурилиш” ҳисобидан 57 404 500 сўм асосий қарз, тўловни 438 кунга кечиктиргани учун 28 702 250 сўм пеня ва олдиндан тўланган суд харажатларини ундириб беришни сўради. Суд ишни ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Жавобгарнинг даъвогардан қарзи мавжудлиги тарафлар ўртасида тузилган шартнома, ишончнома, ҳисобварақ-фактура ва тўлов топшириқномалари билан ўз тасдиғини топди.
Қарор адолатли бўлмоғи шарт. Суд ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиқиб даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топди. “Трансйўлқурилиш” компанияси давлат унитар корхонаси ҳисобидан “Бахтиёр-Термиз-Бахт” масъулияти чекланган жамияти ҳисобига 57 404 500 сўм асосий қарз, 5 миллион сўм пеня, 1 722 135 сўм давлат божи ва 16 минг сўм почта харажати, жами 64 142 635 сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилди. Дарвоқе, Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 50 682 сўм харажат ҳам жавобгар ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.
Жавобгар вакили суд мажлисига келмади
Навбатдаги қарздор – туман ҳокимлиги! Худди шундай. Туман ҳокимлиги тадбиркорлик субъектини қўллаб-қувватлаш ўрнига…
Акс ҳолда, “Даврон-Дерман” кўп тармоқли хусусий кичик корхонаси раҳбари Ш. Шарипов суд эшигини қоқмасди! Ишбилармон мурожаатида Термиз туман ҳокимлигидан 15 миллион сўм асосий қарз ва олдиндан тўланган суд харажатларини ундиришни сўраган.
Янаям қизиғи, ушбу талаб юзасидан суд иши муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, ҳокимлик вакили суд мажлисига келмади. Бироқ бу ҳолат тадбиркорнинг ҳуқуқлари ўз вақтида таъминланишига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, қарзни тўлашни орқага кечиктиришга ҳам олиб бормайди. Чунки Иқтисодий процессуал кодексининг 170-моддасига мувофиқ, тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин! Суд ҳокимлик вакили келмаган бўлса-да, ишни кўриб чиқишни лозим топди. Ахир, тадбиркор ҳуқуқлари ўз вақтида таъминланиши керак.
Ҳужжатлар сўзлашича, “Даврон-Дерман” хусусий корхонаси ва Термиз туман ҳокимлиги ўртасида 2018 йил 5 майда шартнома тузилган. Шартномага асосан 15 миллион сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмлари етказиб берилган бўлса-да, жавобгар ҳақни тўламаган.
Мазкур ҳолатда суд даъво талабини қаноатлантиришни, яъни Термиз туман ҳокимлиги ҳисобидан “Даврон-Дерман” кўп тармоқли хусусий кичик корхонаси фойдасига 15 миллион асосий қарз, олдиндан тўланган 184 300 сўм давлат божи ва 16 218 сўм почта харажатини ундиришни маъқул топди.
– Турли идоралар, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди “Даврон-Дерман” кўп тармоқли хусусий кичик корхонаси раҳбари Ш. Шарипов. – Шартнома муносабатларида баъзан тушунмовчиликлар юзага келса, ҳуқуқимиз суд орқали ҳимоя қилиниши иқтисодий ва маънавий манфаатдорлигимизни таъминлашга ёрдам берди.
41 миллиард 366 миллион сўм – тадбиркорлар фойдасига!
– Иқтисодий низоларнинг келиб чиқишига бир қанча ҳолатлар, жумладан, контрактация шартномаси, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан қарздорликларнинг ўз вақтида тўлаб берилмаслиги, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни амалга оширишда шартнома шартлари ва талабларига риоя қилинмаётгани кабилар ҳам сабаб бўлмоқда, – дейди Сурхондарё вилоят иқтисодий суди раиси Азиз Садиров. – Шу боис иқтисодий судлар томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2018 йил давомида вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига жами 50 040 та даъво ариза келиб тушган (2017 йилга нисбатан 45 119 тага, яъни 10 фоизга кўп). Шундан 48 842 таси қонуний муддатларда кўриб чиқилиб, даъвогарлар фойдасига 582 миллиард 65 миллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Ишларнинг 75,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.
Хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 1 160 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 41 миллиард 366 миллион сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинганини эътироф этиш зарур. Муҳими, бу саъй-ҳаракатларимиз натижасида тадбиркорлик субъектларининг суд ҳимоясига ишончи ортиб бормоқда.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача. Қўпол бўлса-да, қарзини ўз вақтида тўламай келаётган масъулиятсизларга нисбатан топиб айтилган мақол бу!
Судларнинг адолатли қарори туфайли жавобгарлар энди нафақат асосий қарзни, балки қўшимча харажатларни ҳам тўлашга мажбур. Қолаверса, қарздан икки дунёда ҳам қочиб қутулиб бўлмайди. Буни ҳамма ўз вақтида англаб етиши даркор.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири
(“XXI asr” газетаси,
2019 йил 24 январь)
Фикр қолдириш