29 январь 2019
Фарғонада ўз онасининг уйига ўғриликка тушиб, темир сейфни бузиб ичидаги пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган хавфли рецидивист яна қамоққа тушди.
24 ёшни қарши олаётган Зуҳриддин Болтаев илгари ўғирлик ва фирибгарлик жиноятини содир этиб, суд ҳукми билан унга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг 2018 йил 7 июндаги ажримига кўра, Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 4 ой 4 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. У Фарғона шаҳар “Меҳрибонлик” маҳалла фуқаролар йиғинида жамоат ишларига жалб қилинган эди. “Ўртанган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, у яна жиноятга қўл урди. Бу сафар ўзи яшайдиган хонадонга ўғриликка тушди.
З. Болтаев онаси Г. Муродовага тегишли бўлган темир сейфнинг ичида пул борлигини анчадан бери биларди. У хонадонида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, сейфни олиб чиқиб, устахонага олиб боради. У ерда ишлайдиган устага темир сейфни ўзига тегишли эканлигини, калитини йўқотиб қўйганлигини айтиб, темир сейфни очтиради. Қути ичида онасига тегишли 1 минг 800 АҚШ доллари ва 1 миллион 400 минг сўм миқдордаги пуллар бор эди. Зуҳриддин бу пулларни олиб, устага янги қулф олиб келишини, ушбу қулфни темир сейфга ўрнатиб беришини айтиб, қутини ташлаб кетиб юбориб, жиноий фаолияти натижасида топган пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 1 дона темирдан ясалган сейфни уста М. Исанбековдан холислар иштирокида баённома тузилиб, ашёвий далил тариқасида олинган. Жиноят натижасида етказилган моддий зарар дастлабки тергов даврида тўлиқ бартараф қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан З. Болтаевга нисбатан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазоси тайинланди.
ЎзА
Фикр қолдириш