ҚИЛМИШИДАН ПУШАЙМОНЛИК ЖАЗОНИ ЕНГИЛЛАШТИРМАЙДИ

29 январь 2019

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида фирибгарлик билан қўлга тушган шахсларнинг иши кўриб чиқилди.

Бирор ҳунарнинг бошини тутмаган З. А. осон пул топиш пайида бўлди. Шу мақсадда 2018 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ю. Саккокий кўчасидаги бекатда жойлашган пайнет шохобчасига киради. Бу ерда ишловчи таниши М. Б. нинг нархи 2 миллион 500 минг сўмлик уяли телефонини вақтинча фойдаланиб туриш учун сўрайди. Тез кунда қайтариш шарти билан 400 минг сўм пул ҳам олади ва воқеа жойидан яширинади.
 
Орадан тахминан 20-30 дақиқа ўтганидан кейин М. Б. ўз телефонига қўнғироқ қилиб, танишига қачон келишини сўрайди. Бироқ З. А. жабрланувчининг кейинги қўнғироқларига жавоб бермасдан, бедарак кетади. Мазкур ҳолат юзасидан жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди. Тергов-суриштирув жараёнида айбланувчи қўлга олинди. Очиқ суд мажлисида қилмишидан пушаймонлиги, жиноятга моддий жиҳатдан қийналгани сабабли қўл урганини айтди. Жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди.
 
Навбатдаги суд ишида ўғрилик жинояти бўйича иш кўрилди.
 
Р. А. 2018 йил 14 ноябрь куни кечаси Тошкент шаҳар Учтепа тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўли атрофида жойлашган фуқаро К. С. Га тегишли қурилиш моллари дўконига ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, дераза ойнаси орқали киради. Хона ичкарисидан жами 2 миллион 460 минг сўмлик буюмларни ўғирлаб, воқеа жойидан яшириниш мақсадида автомобиль йўли бўйига чиққан вақтида туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ўтказилгач жиноятчи барча айбига иқрор бўлди. Судда айбланувчи қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, бу ишга моддий қийинчилик туфайли қўл ургани ва жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани учун енгиллик беришни сўради.
 
Суд мажлисида иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилиб, гувоҳлар кўрсатмалари тингланди. Айбдорларга содир этган жинояти бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жазо тайинланди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: