30 январь 2019
Жиноят ишлари бўйича Андижон, Наманган, Фарғона вилоят судлари судьялари, тергов ва суриштирув органлари ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини ўрганиш, бу борада тергов ва суд амалиётида юзага келаётган муаммоларга бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Барчамизга маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
Президентимизнинг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатга биноан қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги, бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилиши белгиланди.
– Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланиши, қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси Фаррухбек Абдураимов. – Далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилиниши фармонда алоҳида қайд этилди ва бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 4 апрелдаги қонуни билан Жиноят кодексининг 235, 237-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорида олий суд инстанцияси исботлаш жараёнида қийноққа солиш ва куч ишлатишнинг бошқа шаклларини қўллаш номақбуллигига кўпроқ эътибор қаратди. Шу йўл билан олинган ҳар қандай далиллар яроқсиз деб топилади.
Семинарда суриштирув, тергов ва судда жиноят ишлари бўйича далилларни тўплаш ва уларга баҳо беришда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормаларига риоя қилиниши, бу борада тергов ва суд амалиётида юзага келаётган муаммолар, хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, семинар қатнашчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шу билан бирга минтақадаги суриштирув, тергов ва суд органлари ҳамкорлигини кучайтириш, ушбу органлар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга эътибор қаратилди.
ЎзА
Фикр қолдириш