ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИНГ 12 ФОИЗИ ФИРИБГАРЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ

11 февраль 2019

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд ва Жиззах вилоятлари судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар бошқармалари масъул ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида минтақавий семинар ўтказилди

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори, ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ва суд амалиётида юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари муҳокама этилди.
 
Таъкидланишича, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари ўсиши тенденцияси кузатилмоқда. Шу сабабли фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари сони вилоят судлари томонидан кўрилган ишларнинг 12 фоизини ташкил қилади.
 
– Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фирибгарлик жиноятини содир этаётган шахслар фуқароларни алдашнинг янги-янги усулларидан фойдаланмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев. – Уларнинг жиноятини фош этиш ва ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо бериш учун терговчи ва судьялар ўртасида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан ушбу семинар машғулотлари касбий маҳоратимизнинг ошишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади. 
 
Семинарда суриштирув, тергов ва судда фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича далилларни тўплаш ва уларга ҳамда айбдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда моддий ва процессуал қонун нормаларига, Олий суд пленуми қарорларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада юзага келаётган муаммолар, хато ва камчиликлар таҳлил қилинди.
 
 
ЎзА 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: