19 февраль 2019
Асрор ҳар гал Тошкентга келганида опаси Шоҳистани уйида тунаб қоларди. Бу гал ҳам у Хоразмдан азим пойтахтга кириб келганида кечки соат 19:00 лар эди. Асрор опасининг уйига кираркан қуда бобо — Равшан ака уни одатдагидай илиқ кутиб олди (исм-шарифлар ўзгартирилган).
— Эй, жуда ризқли йигитсан-да, туғилган кун бор эди. Энди иккаламиз деҳқон бозорига бориб келамиз. Бир маза қилиб ўтирайлик, — дея Равшаннинг елкасидан қоқиб қўйди.
— Раҳмат, унда бозорга кетдик, — деди Асрор ҳам қуданинг меҳридан ийиб.
Улар бозордан дастурхон учун керакли маҳсулотларни олиб келгач, Шоҳиста дастурхон безади. Унгача поччаси Улуғбек ҳам келиб қолди. Улар байрамона дастурхон устида у ёқ бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришди.
— Энди мен дам олай, эртага вақтли туришим керак, ишим бор, — дея Асрор Равшан акага юзланди.
— Майли, ўзи бугун узоқ йўл босиб келгансан, мени ётоғимга кириб, даминг¬ни ол, — дея дастурхонга фотиҳа ўқилди.
Асрор ётоқхонага киргач, эгни-бошини ечиб шкафга қўяётганида Равшан -аканинг осилиб турган костюмига кўзи тушди. Кутилмаганда хаёли учди. У кост¬юмнинг чўнтагига қўл соларкан, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Ҳали бунақа катта миқдордаги пулни қўлига ушламагани учун бир даста долларни кўриб энтикди. “Ўҳ-ҳу, Равшан аканинг чўнтагида шунча пули бўлса, сандиғида яна қанча бор экан-а”, деган хаёл дилидан ўтди. Сўнгра нима бўлса бўлар, деган таваккал билан пулни чўнтагига солди-да, тезда мезбонлар ҳузурига — опасининг олдига борди.
— Опа, кетмасам бўлмайди, зарур ¬ишим чиқиб қолди, — деди шошиб.
— Шу пайт қаёққа борасан, вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Эртага кетарсан, — деди опасига қўшилиб Равшан ака ва поччаси.
— Йўқ, меҳмондорчилик учун раҳмат, ўртоқлар шошилич чақиришаяпти, — дея Асрор кўзларини олиб қочди.
Асрор уйдан ташқарига чиқаркан, енгил нафас олди. Бир зумда қўлга киритган пулни олиб санаркан, 9 050 АҚШ доллар эканлигини билиб, ўлжасидан севиниб кетди.
У ўзини ниҳоятда бойвачча инсонлардай тутиб керилди ва 100 АҚШ долларини йўл-йўлакай ўзбек сўмига айрибош¬лаб олди. Сўнгра кафега кириб, кўнгли тусаган овқатни, яна 0,5 литр спиртли ичимликни ҳам буюртма қилди. Асрор бир ўзи ярим шиша ароқни ичиб бўшатди. Маст бўлиб қолгач, аранг оёқда туриб кўчага чиқди. Кўнгли кўп қаватли уйлар атрофидаги сауна, яъни соғломлаштириш мажмуасига киришни орзулади.
Ҳали бунақа жойга кириб кўрмагани учун чўнтагидаги долларни массажчига бериб юборай, деди.
Бир ёқда спиртли ичимлик, бу ёқда танасини яйратаётган массаж таъсирида ухлаб қолди. Шоҳиста опаси телефон қилиб, пулни сен олмаганмисан, деган овозини элас-элас эшитгандай бўлди. Хуллас, опасига Равшан аканинг пулини олмаганман, дея телефонини ўчириб қўйганлиги ёдида. У ёғини эслай олмайди.
Асрор эртаси тонгда боши ғувлаб уйғонди. Шоҳиста опасининг уйида нималар бўлганини бирма-бир эслади. Бирдан “энди уларни олдига қандай бораман, пулларини қандай қилиб топиб бераман”, дея қўрқиб кетди.
Яхшиси Равшан аканинг пулларини ишлаб қайтараман, деган ўй билан ўишт кўприк блок пос¬ти орқали Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрига чиқиб кетди.
Бироқ жиноят жазосиз қолмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг тезкор ҳаракатлари туфайли қудачсининг чўнтагига қўл солган йигитча қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан А. Шамсиев қилмишига яраша тегишли жазосини олди.
Бекзод УМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди судьяси
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 19 февраль)
Фикр қолдириш