ФУҚАРО ЖАЗО МУДДАТИНИ ЎТАШДАН ИЛГАРИ ОЗОД ЭТИЛДИ

16 март 2019

Фарғона вилоят фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари томонидан Бешариқ ва Фурқат туманлари фуқаролари билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.

Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир. Судлар томонидан жойларда ташкил этилаётган учрашув ва сайёр қабуллар давомида бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Суд раислари томонидан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, сони ортиб бораётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни камайтириш борасидаги ишлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Шундан сўнг суд раислари фуқароларни суд ишларига доир мурожаатлари юзасидан аҳоли билан суҳбатлашиб, мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг қонуний ҳал қилиш чораларини кўришди.
 
Хусусан, Бешариқ тумани, Капаянги қишлоғида яшовчи ака-ука Исломжон Мардонқулов ва Охунжон Мардонқулов 2017 йилда ёшлик ва қизиққонлик қилиб, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир этиб, жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг 2017 йил 13 декабрдаги ҳукми билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига судланган.
 
Сайёр қабул давомида ака-ука Мардонқуловлар қилмишларидан пушаймонлиги, жазодан тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раисига мурожаат қилди. 
 
Вилоят суди раиси М. Тўланов томонидан Бешариқ туман ички ишлар бўлими пробация гуруҳи инспектори иштирокида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан мурожаат қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ҳақида тушунтириш берилди. 
 
Шу куни ака-ука Исломжон ва Охунжон Мардонқуловнинг жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан кўриб чиқилиб, улар томонидан жазо муддатини ўташ тартиби бузилмаганлиги, ушбу даврида ҳеч қандай ҳуқуқбузарликлар содир этилмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганликлари эътиборга олиниб, озодликни чеклаш жазосининг 1 йил 11 ой 15 кунидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси 3-қисмининг “а” бандига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: