ОЛИЙ СУД РАИСИ ЎРИНБОСАРИ САМАРҚАНД, ЖИЗЗАХ ВА СИРДАРЁ ВИЛОЯТЛАРИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

18 март 2019

Олий суд раҳбариятининг жойларда сайёр қабуллар ўтказишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ўтказилаётган сайёр қабуллар одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш асносида қонуний қарорлар қабул қилишга йўналтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров ва Олий суд судьялари томонидан Самарқанд, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида ана шундай сайёр қабуллар ўтказилди.
 
Очиқ мулоқотлар чоғида фуқароларнинг жиноий, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик судларга оид ишлар юзасидан келиб тушган мурожаатлари кўриб чиқилди. Булар орасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар, муқаддам судланган шахслар, оила ва никоҳ, уй-жой, мерос, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлик ишлар бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. 
 
 Самарқанд шаҳар халқ қабулхонасида ташкил этилган сайёр қабулда жами 32 нафар шахснинг мурожаатлари тингланди. Қабул жараёнида фуқаролик ишлари бўйича та, жиноят ишлари бўйича 7 та, маъмурий ишлар бўйича 3 та ариза ва шикоятлар кўриб чиқилди.
 
Жиззах вилоятида бўлиб ўтган сайёр қабулда 64 та мурожаат тингланди. Жумладан, 35 та фуқаролик, 23 та жиноят, 5 та маъмурий ва 1 та иқтисодий судга тааллуқли мурожаат кўриб чиқилди. 
 
Сирдарё вилоятида ташкил этилган  сайёр қабул ҳам самарали бўлди. Жиноят ишлари бўйича 12, фуқаролик ишлари бўйича 9 та, маъмурий ишлар бўйича 1 та, жами 22 та мурожаат келиб тушди. 6 нафар фуқаро мурожаатига нисбатан санкциялар енгилроғига алмаштирилди, икки фуқаро озодликка чиқарилди. 
 
Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг 2019 йил 11 мартдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в” банди ва 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан судланган Ф.Қурбоналиев  ва Э.Алимовнинг яқин қариндошлари орасида олиб борилган тушунтиришлар самараси ўлароқ, иш бўйича етказилган зарарнинг ўрни қоплангани ва ўз навбатида жабрланувчиларнинг уларга даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, уларнинг ҳар иккаласига нисбатан ҳам озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
 
– Сайёр қабулда шикоятимиз эътиборга олинди, бунинг учун Президентимиздан, Олий суд раҳбарларидан миннатдормиз. Бундан буён фарзандларим доим назоратимда бўлади. Бошқа жиноят содир қилмайди, деб сизларни ишонтираман,  – дейди Э.Алимовнинг онаси С.Боқиева.  
 
Бундан ташқари сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2019 йил 11 мартдаги ажримига кўра, ЖКнинг  74-моддасига асосан 6 нафар судланувчига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, жазони ўташ муассасасидан озод қилинди.
 
 
Олий суд матбуот хизмати 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: