Маълумки, сўнгги пайтларда судларда ишлар видеоконференцалоқа режимида кўрилмоқда. Айниқса, бу Олий суд судьялари томонидан ишларни назорат тартибида кўриб чиқишида фуқароларга қатор қулайликлар яратмоқда. Тарафлар ҳам ортиқча харажат, ҳам вақт сарфлаб, пойтахтга келиб ўтирмайди.
Яқинда видеоконференцалоқа режимида қашқадарёлик Х.Эшонқуловга оид фуқаролик иши кўриб чиқилди, деб хабар беради Олий суд Матбуот хизмати.
Иш материалларидан маълум бўлишича, Ҳ.Эшонқулов 2014 йилдан Қашқадарё юқори кучланишли ҳудудий тармоғи (ТЮКТ) тасарруфидаги “Ғузор 500 кВ” подстанциясида идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ўқчиси вазифасида ишлаб келарди.
2018 йил 20 июл куни тонгги 5 яримларда Жанубий Ғарбий магистрал электр тармоқлари корхона директори Д.Тўраев ва 2-бўлим бошлиғи А.Шаманов томонидан иш жойида хизмат текшируви ўтказилади. Текшириш давомида А.Шаманов Ҳ.Эшонқуловнинг дам олиш хонасига бостириб кириб, унинг рухсатисиз фото ва видеога тушириб, мажбуран тушунтириш хати олади. Орадан уч кун ўтиб, 170-сонли буйруқ чиқади. 27 августда 209-сонли буйруқ билан Ҳ.Эшонқулов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади, яъни вазифасидан четлаштирилади.
Ҳ.Эшонқулов бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига даъво аризасини беради. Вилоят судининг 2018 йил 4 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби рад қилинади ҳамда 22 ноябрдаги ажрим билан суд қарори ўзгаришсиз қолдирилади.
Олий суд ушбу ишни назорат тартибида кўриб, Самарқанд вилоят судининг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори ва кассация инстанцияси ажрими билан келишмади.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 182-моддаси 5-қисмига кўра, интизомий жазо бевосита ножўя ҳатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу ҳатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлгани вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда жавобгарнинг белгиланган 1 ойлик муддатда даъвогарнинг ножўя ҳатти-ҳаракати учун интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, дастлаб иш берувчининг 2018 йил 23 июлдаги 170-сонли буйруғига асосан Ҳ.Эшонқуловга меҳнат интизомини қўпол равишда бузганлиги учун 30 фоиз жарима жазо чораси берилган, кейинчалик 1 августдаги 181-сонли буйруғига кўра, юқоридаги буйруққа ўзгартириш киритилиб, 2018 йил 27 августдаги 209-сонли буйруғи билан даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ваҳоланки, содир этилган ножўя ҳатти-ҳаракат 2018 йил 20 июлда аниқланган бўлиб, интизомий жазо бевосита ушбу кундан эътиборан ҳисобланиши лозим бўлса-да, интизомий жавобгарликка тортиш масаласи қонунда белгиланган муддат ўтиб кетгач, яъни 2018 йил 27 августда ҳал қилинган.
Суд Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосланиб, суд қарорларини бекор қилди. Ҳ.Эшонқуловнинг даъво талабини қаноатлантирди. Уни аввалги ишига тиклаш ҳақида ажрим чиқарди. Яъни Жанубий Ғарбий магистрал электр тармоқлари корхонаси раҳбарининг 2018 йил 27 августда чиқарган 209-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилди.
Фикр қолдириш