ОИЛА ТИНЧ – ЮРТ ТИНЧ

16 апрель 2019

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Соғлом муҳит қарор топган оилалар юрт корига ярайдиган, эл хизматига камарбаста бўла оладиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишнинг энг асосий омилларидан биридир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ”.
 
Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга молик. Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Аниқ мисоллар ёрдамида фикр юритадиган бўлсак, 2018 йилнинг 11 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 42 минг 496 та низо кўрилган бўлиб, шундан 23 минг 104 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган. Ўтган йил мобайнида судлар томонидан 22 минг 829 та оилавий ажралишга оид даъво ажрашиш учун етарли асослар бўлмагани туфайли қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва иш юритувдан тугатилган.Ушбу оилаларнинг аксарияти яраштирилиши пировардида 25 минг 64 нафар вояга етмаган боланинг ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишига замин яратилган.
 
Албатта, жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси – барбод бўлган оилалар хусусида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди.Тан олиш жоиз, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.
 
Мамлакат миқёсида долзарб деб ҳисобланаётган мазкур масаланинг аҳамиятини биргина Тошкент тумани мисолида оладиган бўлсак, жиноят кўчасига кириб қолган ёшлар тарбия муассасаси ва оиласига қайтаришга оид 41 дона тақдимноманинг асосий қисми нотўлиқ, ажрашган оилаларда вояга етган шахслардир. 
 
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, дилбандининг бахтли ҳаёт кечиришини истаган соғлом фикрли ҳар бир ота-она юзага келган келишмовчиликни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал этиши, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтиши, оила аъзоларининг бахтли турмуш кечиришларини таъминлаши шарт ва зарур. Кези келганда шуни ҳам айтиш ўринлики, оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамият ва давлат миқёсида ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради. 
 
Статистик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган. Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тараллабедод ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг ҳатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади. Натижада вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бу ўз-ўзидан тегишли давлат органларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлади. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
 
Аввало, никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини изчил таъминлаш ғоятда муҳимдир. Бу борада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига “Никоҳдан ажралишга олиб келаётган ҳар қандай сабаб билан холисона таҳлил ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим” деган банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, албатта, ўз самарасини беради, деган фикрдамиз.
 
Суд амалиётига оид таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2017 йилда никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ низоларнинг 51,1 фоизида “эр-хотиннинг феъл-атвори тўғри келмагани” ажрашиш учун асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Мисол учун, даъвогар-Шокир Тоҳиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга жавобгар-Малика Тоҳировага нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, никоҳдан ажратишни сўраган. Суд мажлиси чоғида аниқланишича, Ш.Тоҳиров жавобгар – М.Тоҳирова билан 2015 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Уларнинг бир нафар – 2016 йилда туғилган Ситора Тоҳирова исмли фарзанди бор. 
 
Эр-хотин дастлаб тинч-тотув яшашган. Бироқ, орадан бир йил ўтар-ўтмас, оилада арзимас қўйди-чиқдилар рўй берган. Малика Тоҳирова икки ойлик чақалоғи билан ота-онасининг уйига кетиб қолган. Даъвогарнинг қайд этишича, турмуш ўртоғи билан унинг феъл-атвори мутлақо тўғри келмагани учун ажрашишга қарор қилган. Судда жавобгар – М.Тоҳирова оиласини тиклаш ниятида экани, норасида фарзанди отасиз катта бўлишини истамаслигини таъкидлаб,  даъвони рад этишни сўраган.
 
Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида келтирилган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилган ҳолда эр-хотиннинг ярашиши учун муддат белгилади. Эр-хотин ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилди, пировард натижада ёш оила тикланди ва ҳозирда тинч-тотув турмуш кечирмоқда.
 
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, юқоридаги каби ҳолларда гарчанд оила яраштирилган бўлса-да, эр-хотиннинг қалбидаги дарз барҳам топмаслиги мумкин. Шу боисдан ҳам никоҳга киришиш арафасида турган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларда тақдир синовларига бардош бера олиш кўникмасини шакллантириш ғоятда зарур. Бунда ФҲДЁлар қошида ташкил этилган оила дорилфунунларида никоҳга қадар икки ёшни оилавий ҳаётга, ота-она бўлишга тайёрлаш баробарида бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганишлари учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олишлари ёки йўқлигини, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини психологик тестлар, усул ва воситалар ёрдамида аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим.
 
Яна статистик таҳлилларга эътибор қаратайлик. Ажралиш билан боғлиқ фуқаролик ишларининг 11,6 фоизида эр-хотиннинг ахлоқий, руҳий, маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлмаган ҳолда никоҳга киришгани ҳам оилаларнинг емирилишига олиб келмоқда. Бунда рўзғор юкини тортишга тайёр бўлмаган эр-хотиннинг феъл-атворидаги манманлик, майда маиший муаммоларга ечим топиш ўрнига улардан фожиа ясаш, оила бюджетининг имкониятини инобатга олмасдан харидлар қилиш, керагидан ортиқ нарсалар сотиб олиш каби нохуш ҳатти-ҳаракатлар оиланинг нотинчлигига сабаб бўлаётир.
 
Бундай тоифага мансуб эр-хотинларнинг дунёқараши, маънавиятини ўзгартириш, уларга оила муқаддаслигини англатиш осон эмас. Бироқ, ҳар қандай муаммонинг ечими бўлгани каби бундай оилаларни ҳам тиклаш имкони мавжуд, албатта. Фақат бу муайян вақт, эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараён.
 
Беморни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш осон кўчганидек, барбод бўлиш арафасидаги оилани тиклашдан кўра оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам жисман, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳар жиҳатдан афзалроқдир.
 
Ахлоқан тарбиялаш жараёнини қуйидаги масканларда янада кўпроқ амалга ошириш талаб этилмоқда: шахс яшаб, вояга етган жойлар, яъни уйи, оиласи, маҳалласи, шунингдек таълим муассасасида, яъни мактабгача, мактаб, ўрта-махсус, олий таълим муассасаси, жамоат жойларида, ОАВларида, адабий асар ва санъат масканларида, иш жойида, ижтимоий тармоқларда (телефон, интернет воситалари), ўзи танлаган яқин дўстлари, дугоналари даврасида амалга ошириш лозим. Табиий савол туғилади: Ушбу фаолиятни амалга оширишда кимларнинг тавсияси ва амалий ёрдамига эҳтиёж мавжуд?
 
Аввало психолог, социолог, педагог (халқ таълими, олий таълим), маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, ОАВ вакиллари, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаси ходимлари иштирокида юқоридаги жойлар ва гуруҳларда оила аъзоларида учраши мумкин бўлган салбий сифатлар ёки иллатлар билан қуйидагича курашиш лозим: 
 
Биринчидан, Эрлик масъулиятининг бажарилмаслигига сабаб бўладиган ҳурматсизлик, оиланинг моддий таъминотига бефарқлик ёки ишлашга қизиқмаслик каби иллатларга қарши курашиш;
 
Иккинчидан, хотинлардаги камчилик сифатида ҳурматсизлик, уй-рўзғор ишларига, оилага эътиборсизлик, урф-одат ва анъаналарни билмаслиги ёки менсимаслигига қарши курашиш;
 
Учинчидан, эр ва хотинларда оила ва унинг аҳамияти, оила аъзоларининг ҳуқуқ, вазифа ҳамда мажбуриятини тушунмаслик ҳолатига қарши аниқ чоралар кўриш лозим.
 
Никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ ишларнинг бошқа сабаблари хусусида ҳам фикр юритайлик.
 
Амалиётга назар ташласак, 6,1 фоиз оилаларда асосан эр бошқа никоҳ муносабатига киришгани туфайли унинг аёли ажрашишга қарор қилганини кўришимиз мумкин. Аслида ўз оиласи бўла туриб, яна бошқа биров билан эр-хотинлик муносабатига киришиш нодонлик саналади. Зеро, бундай номаъқул хатти-ҳаракат бир неча инсонлар, айниқса, оила аъзоларининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Бинобарин, ўз уйида ҳузур-ҳаловат тополмаган киши бошқа оила қурганидан кейин ҳам ўз истагига эришолмаслиги аниқ.
 
Шаръий никоҳ асосида бошқа оила қурган шахслар маълум муддат ўтгач, ўз оиласи бағрига қайтиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятларда ҳам судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
 
Статистик маълумотларга кўра 5,6 фоиз ҳолатда фарзандсизлик туфайли эр ёки хотин ажрашиш фикрига келган. Фарзанд кўриш учун эр-хотин нафақат маънавий жиҳатдан, айни чоғда жисмоний жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши зарур. 
 
Бу масалада тиббиёт ходимларининг амалий ёрдами ва тавсиясига эҳтиёж мавжуд. Чунки судлар амалиётида аввало, никоҳ тузилгунга қадар никоҳланувчиларнинг ҳар бири ота ёки она бўлиш қобилиятига эга ёки йўқлиги, иккинчидан, шу икки шахснинг қони ва бошқа белгиларига кўра, биргаликда ота-она бўлиш имконияти ўрганилиши, учинчидан, ота-оналар ва бошқа мутасаддиларнинг фарзандсизлик масаласини ҳал этишга етарлича эътибор қаратмасдан, фақат келин ёки биргина куёвни бепуштлик касалига чалинганликда айблаш ҳоллари учрамоқда. 
 
Бу борада ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириш шарт ва зарур. Зотан, эр ёки хотиннинг шаъни ва қадр-қиммати билан чамбарчас боғлиқ бўлган фарзанд кўра олмаслик, бепуштлик сингари ғоятда нозик масалага калтабинлик билан эмас, балки тиббий текширувлар ва таҳлил натижалари асосида ишонч ҳосил қилинганидан кейингина оиланинг келгуси тақдирини белгилаш лозимлигини оила бошлиқларига алоҳида тушунтириш зарурлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. 
 
Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тиббиёт тизими, кенг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликда қуйидаги масалаларнинг ечимини топиш лозим:
-фарзандсизлик (аёллар ва эркакларда учрайдиган кўринишлари);
-ўғил фарзанднинг туғилмаслиги;
-эркакларда ёки аёлларда зурриёт қолдириш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган касалликлар;
-аёллардаги ҳомиладорлик ва туғиш жараёнида кечадиган оғир касалликлар;
-фарзанднинг ногирон туғилиши.
 
Амалиётга назар ташласак, 3,9 фоиз оилаларда қўшимча даромадга эҳтиёж мавжудлиги сабабли ажралиш келиб чиққанлиги аниқланди. Бунда аввало, эр ёки хотиннинг хорижга иш излаб кетиши, аёлнинг ишлашига қаршилик, бегона юртларда қолиб кетиш, бедарак кетиш, чет элда бошқа шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш каби ҳолатлар оиланинг дарз кетишига туртки бўлган. 
 
Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир. Фақат юқорида таъкидланганидек, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши бундай муаммолар ечимининг асосий калитидир.
 
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.
 
Мухаммади Маматов,
Олий суд бош консультанти,
 
Отабек Мухаммадиев, 
Жиноят ишлари бўйича Тошкент
тумани суди судьяси

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: