20 апрель 2019
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан вилоятларда сайёр қабуллар ўтказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча вилоятларида сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 19-20 апрель кунлари Олий суд раиси К.Камилов ва Олий суд судьялари томонидан Қашқадарё вилоятида оммавий сайёр қабуллари ўтказилмоқда.
Куни кеча аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан Қарши шаҳридаги Мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабул давомида 242 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, маҳалла раислари, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар, муқаддам судланган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари, шунингдек оила ва никоҳ, уй-жой, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролар билан суҳбатлашилди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 97 нафаридан назорат тартибидаги аризалар қабул қилинди. 110 нафар фуқарога шикоят қилиш тартиби ва муддатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабул жараёнида сайёр суд мажлиси ўтказилишига ҳам эътибор берилди. Сайёр судларда 32 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. 1 нафар фуқаро суд залидан озод қилинди.
Сайёр қабулда 1 нафар фуқаро тергов органларидан норозилигини билдирди. Яна бир фуқаро иш сўраб мурожаат қилди. Уларга қонун доирасида ҳуқуқлари тушунтирилди.
Шунингдек, судга оид бўлмаган ишлар билан мурожаат қилган фуқаролар мурожаатлари ҳам тингланди ва тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари жалб қилиниб, муаммолар ўз ўрнида бартараф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси К.Камиловнинг Қашқадарё вилояти бўйлаб сайёр қабуллари давом этмоқда.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш