23 апрель 2019
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш…
Буюк сўз санъаткори Алишер Навоий бу мисралари билан озодлик аталган неъмат қадрини гўзал тарзда тараннум этган. Ҳа, аслида эркин яшаш, озод инсон бўлишнинг қадри бўлакча. Гоҳида эмин-эркин, тинч яшаётган одамлар буни чуқур ҳис қилмаслиги мумкин. Бироқ бу неъматлардан жудо бўлганлар бунинг қанчалик оғир азоблигини яхши англайди.
Тасаввур қилинг, тўрт девор ичидасиз. Чиқиб кетишнинг, ҳатто деразадан қарашнинг имкони йўқ. Осмонга қараш, тоза ҳавони-ку гапирмаса ҳам бўлади… Тўғриси, шу сўзларнинг ўзиёқ одамни даҳшатга солади. Аммо ҳаётда гоҳ билиб, гоҳ билмай мана шундай вазиятга тушаётганлар, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилаётганлар йўқ эмас.
Тўғриси, иш юзасидан ана шу панжара ортига бориб, мавжуд вазиятни, қамалган одамларни кузатишга, улар билан суҳбатлашишга кўп бор тўғри келган. Аслида бу ерда ҳам ҳаёт давом этаверади. Бироқ бу рангсиз ҳаёт ичра қоришган изтироблар, қорачиқларда мунгга айланган озодлик соғинчини сўз билан тасвирлаш қийин. Айниқса, аёллар колониясида бундай изтироблар яққол сезилади. Ахир она учун жигаргўшаларини ҳар куни бағрига босиш, уларга ўз қўли билан овқат тайёрлаб беришдек бахтдан мосуволик осон эмас.
Тўрт фарзанднинг онаси бўлган хоразмлик Жамила Қаландарова ана шундай 10 йилу 7 ой кун кечирди. Ўн йилдан ортиқ муддат айтишга осон, бироқ у қилмишларига ўн минг марталаб афсус-надомат чекди. Гарчи болаларини аҳён-аҳёнда учрашувга келганда кўрган бўлса-да, улар барибир онасиз улғайди.
Аёл қилмишига яраша азобини тортди. У кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик моддасини сотгани ва уни Туркманистон Республикасига божхона назоратини четлаб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказилишида иштирокчилик қилгани учун 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Айрим одамларни жиловланмаган нафс қутқуси мана шундай нопок йўл билан бўлса ҳам катта даромад олишга ундайди. Аммо қаҳрамонимизнинг ҳаётига разм солсак, унинг топганларидан йўқотганлари кўп бўлгани аён бўлади. Оила, фарзанд тарбияси, яқин инсонларининг дийдори, хотиржам яшаш, орзу-ҳаваслар ундан йироқлашгани етмагандай, ҳижрон дарди, қолаверса, ўзи истамаган шароит унинг соғлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмади.
Аслида у яна икки йилдан кўпроқ вақт панжара ортида қолиши керак эди.
Аммо кутилмаганда мўъжиза юз берди. Бу инсонпарварлик, эзгулик мўъжизаси эди!
Бу каби хайрли ишларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум йўл очмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, судларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари вакиллари жамоатчилик асосида ҳимоячи бўлиб иштирок этади.
– Жиноят содир қилган шахсга нисбатан жазо тайинлашдан мақсад уни қайта тарбиялаш, қилмишидан тўғри хулоса чиқаришини таъминлашдир, – дейди Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Бу жараёндан хотин-қизлар ҳам мустасно эмас. Меморандум асосида жазони ижро этиш жойларида бўлиб, уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган ишлар олиб борилиши билан бир қаторда, қилмишидан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган хотин-қизларга имкон бериш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бу сафар оғир ва ўта оғир жиноят содир этган беш нафар аёл меморандум асосида озодликка чиқарилди. Яъни маҳкумалар аризаси Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўриб чиқилиб, уларнинг содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, улар жазодан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.
Озодликка чиқарилгани эълон қилингач, Ж. Қаландарова беихтиёр кўзларига ёш олди. Ахир, узоқ кутилган озодлик онлари эди бу!
– Севинчимни сўз билан таърифлашим мушкул, ахир бу онларни жуда узоқ кутдим, – дейди Ж. Қаландарова. – Албатта, қилган хатоларимдан жуда афсусдаман. Ҳаётда қилишим зарур бўлган қанча мақсадларимни амалга ошира олмадим, болаларимга вақтида тиргак бўлолмадим, меҳр бера олмадим. Лекин кеч бўлса-да, ҳаётда бирор яхши иш қилишга энди менда имкон бор. Ҳаёт ҳикмати фақат ҳалол ва тўғри яшаш эканини англаб етдим. Кейинги ҳаётимни ана шундай давом эттираман. Менга имкон берган давлатимиздан миннатдорман.
Бундай янги амалиёт натижасида 2018 йилда жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 893 нафар хотин-қиз кафилликка олиниб, жазодан озод этилган эди. Жорий йилда ҳам бу каби ишлар давом этмоқда.
Шу билан бирга, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида айримларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ҳам тайинланмоқда. Ўтган йилда улар сони юздан ошди.
Жиноятчиликка аралашган хотин-қизларга имконият бериш билан чекланмай, уларнинг жамиятда яна қайта ўрнини топиши, иш билан таъминланиши чоралари ҳам кўрилмоқда. Токи, улар тўғри йўлга тушиб, қайта жиноят содир этмаслиги асосий мақсаддир.
Эзгулик аталган имкониятдан баҳра олаётган аёлларнинг қорачиқларида энди соғинч, армон эмас, қувонч ва ишонч бор!
ЎзА
Фикр қолдириш