30 апрель 2019
Конституциямизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришда суд органлари алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг асосий талабларидан бири суд органлари нуфузини кучайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд иш юритуви самарадорлигини ошириш ҳисобланади.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, Асосий Қонунимизнинг 106-моддасига биноан мамлакатимизда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш лозим.
Конституциямизнинг 112-моддасида, шунингдек, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши кафолатланган.
Ҳозирги кунда судьяларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотини йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишларини кучайтириш давлат сиёсатининг бу соҳадаги асосий устувор йўналишлари этиб белгилангани ҳам эътиборни тортади.
Бундан кўзланган мақсад — фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда суд ҳокимияти органларига ишончни оширишдан иборатдир.
Бугунги кунда юртимизда ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти изчил кенгайиб бормоқда. Судлар фаолиятига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда. Булар, ўз навбатида, судларда иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишига хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти ор-ганларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди.
Айни чоғда, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, айниқса, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.
Маълумки, амалдаги қонунчиликда одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган нормалар назарда тутилган. Масалан, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судларининг таркибида халқ маслаҳатчилари иштирок этиши, 36-моддасида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди таркибида халқ маслаҳатчилари иштирок этиши, 40-моддада эса, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ҳамда ҳудудий ҳарбий судлар таркибида халқ маслаҳатчилари иштирок этиши назарда тутилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, халқ маслаҳатчилари илгари ҳам фаолият кўрсатган. Лекин уларнинг ўрни ва роли деярли йўқ эди, аниқроқ айтганда, улар шунчаки расмиятчилик учунгина судда қатнашарди.
Ҳозирги кунда халқ маслаҳатчиларини ошкоралик асосида сайлаш талаби қўйилди. Хусусан, 2014 йил 22 апрелда қабул қилинган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги Низомнинг янги таҳрири асосида халқ маслаҳатчилари сайлови ташкил этилади.
Бунда халқ маслаҳатчилигига номзодлар кўрсатиш меҳнат жамоалари, фуқароларнинг яшаш жойидаги сайловчилар томонидан, шунингдек, ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишлари томонидан амалга оширилади.
Меҳнат жамоаларида, ҳарбий қисмларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида обрўси баланд, билимдон, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, ҳаётга теран кўз билан қараб, воқеликни тушуниб, таҳлил қилиб, баҳо бера оладиган кишилар номзодликка кўрсатилмоқда.
Шуниси эътиборга моликки, сайлов ўтказилаётган манзилда энг камида 100 нафар сайловчи қатнашиши шарт. Бу — халқ маслаҳатчиси халқнинг хоҳиш-иродаси билан сайланади, деганидир.
Судьяларнинг малака ҳайъатлари халқ маслаҳатчиларининг сайлови ҳаққоний ва шаффоф ўтиши бўйича назорат олиб боради.
Судларда жиноят ишларининг адолатли тарзда кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилишида жамоатчиликнинг иштирок этиши Конституциямизда белгилаб қўйилган. Бинобарин, Асосий Қонунимизнинг 32-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Маълумотларга қараганда, жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг тегишли малака ҳайъатларида 2014 йилнинг июль ойигача 15 минг 744 нафар халқ маслаҳатчиси фаолият кўрсатиб келган. 2016 йилдаги ҳисоб-китобларга кўра, жиноят ишлари бўйича судларга жами 10 минг нафардан ортиқ халқ маслаҳатчиси сайланган.
Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши баробарида, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир. Суд ҳукм ва қарорлари камдан-кам ҳолатлардагина ўзгараётганида халқ маслаҳатчиларининг ҳам ҳиссаси бор.
Ҳозирги кунда аксарият хорижий давлатларда, жумладан, Канада, Франция, Греция, Италия, Янги Зеландия, Россия, Германия, Англия ва АҚШда суд процессида жамоатчилик назоратининг муҳим кўринишларидан бири сифатида суд маслаҳатчилари институти кенг жорий этилган.
Хорижий давлатлар амалиётида кўп йиллар давомида фаолият кўрсатиб келаётган одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштирокининг ушбу модели одил судловни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг манфаатини ўзида намоён қилиб, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончи ошишига хизмат қилмоқда.
Масалан, Францияда узоқ йиллардан буён одил судловни амалга оширишнинг ўзига хос моделидан фойдаланилмоқда. Унга кўра, жиноят ишлари судда профессионал судьялар ва суд маслаҳатчиларидан иборат ҳайъат таркибида кўрилади.
Суд маслаҳатчилари айрим тоифадаги, хусусан, жисмоний шахслар учун — 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ёки юридик шахслар учун — 75000 евро миқдорида жарима солиш тўғрисидаги жиноят ишларининг кўрилишида иштирок этади.
Францияда 16-18 ёшли вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар учта малакали судья ва тўққизта суд маслаҳатчиси иштирокида кўрилади. Мабодо, судья суд маслаҳатчиларисиз, ўзи якка тартибда вояга етмаганларнинг жиноий, ножўя ҳаракатларига доир ишларни кўрадиган бўлса, бу ҳолда судья судланувчига нисбатан фақат тарбиявий ва назорат чораларинигина қўллай олади.
Англияда суд маслаҳатчилари қотиллик жиноятларини, табиий бўлмаган ёки гумонли ўлим ёки ўлимнинг сабаби аниқланмаган ҳолатларни текширишда иштирок этади.
Австрия, Дания ва Норвегия каби давлатларда энг оғир жиноят ишлари суд маслаҳатчилари томонидан, ўртача оғирликдаги жиноят ишлари аралаш ҳайъат томонидан, унча оғир бўлмаган жиноий хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик масалалари эса, якка судья томонидан кўрилиши белгиланган.
Европанинг аксарият давлатларида халқ судьяси, суд маслаҳатчилари профессионал судья билан шахснинг айбдор ёки айбсизлиги, шунингдек, судланувчига жазо чорасини белгилаш билан боғлиқ масалани биргаликда ҳал этади.
Буюк Британияда фуқаролик ишларининг кўрилишида суд маслаҳатчилари нафақат у ёки бу тараф учун фуқаролик-ҳуқуқий оқибатни вужудга келтирувчи қарор қабул қилиш, балки зарарни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ҳам қабул қилиш ваколатига эга. Бошқача айтганда, агар профессионал судья зарарни ундириш лозимлиги ҳақида тўхтамга келса, суд маслаҳатчилари зарарни қанча миқдорда ундиришни белгилашлари мумкин.
Европа давлатларида жамоатчилик назоратининг муҳим кўриниши сифатида фуқароларнинг суд процессларида иштирок этишининг қонунчиликда мустаҳкамланиши одил судловни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг манфаатини намоён қилиб, пировардида аҳолининг суд тизимига бўлган ишончи ошишига олиб келмоқда. Бу, ўз-ўзидан фуқаролик жамияти институтлари томонидан ҳам одил судлов жараёнлари устидан жамоатчилик назорати амалга оширилишига замин яратади.
Аҳолининг одил судлов жараёнларидаги иштирокининг тури, шакли ва воситалари муайян давлатнинг амалдаги сиёсий тизимига боғлиқ бўлади. Масалан, АҚШда Европанинг айрим давлатлари тажрибасидан фарқли равишда, олти йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиладиган жиноят ишларининг судларда кўрилишида фуқароларга суд маслаҳатчилари иштирокида ишни кўриш ҳуқуқи берилади.
Бироқ махсус суд томонидан ҳарбий хизматчилар иштирокида кўриладиган ҳарбий хизматчилар иши билан боғлиқ бўлган ишлар бундан мустасно. АҚШда ҳар бир штат судда иштирок этадиган суд маслаҳатчиларининг сонини мустақил белгилайди.
Японияда халқ судьялари оғир жиноят ишларининг муҳокамасида судья сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бунда халқ судьяларининг судлов ҳайъати таркиби олти нафар халқ судьяси ва уч нафар профессионал судьядан иборат бўлади. Айбланувчи халқ судьясидан воз кечиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Суд процессида суд маслаҳатчиларининг иштирок этиши судьянинг ўз устида ишлашига, билими ва малакасини мунтазам равишда ошириб боришига, ҳар қандай ишнинг суд муҳокамасига киритишдан аввал пухта тайёргарлик кўришига замин яратади.
Суд маслаҳатчиларининг иштирок этиши судьяни ишларни процессуал қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда олиб боришига даъват қилади. Зеро, жамоатчиликнинг жиноят ишларини судларда кўришдаги фаоллиги ошгани сари судлар томонидан қонунийликка тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш борасидаги назорат ҳам кучайиб боради.
Одил судловни амалга ошириш жараёнида жамоатчилик назоратидан кўзланган мақсад — муайян суд иши юзасидан адолатли ва холис суд қарорларининг чиқарилишига эришишдан иборат. Шундай экан, фикримизча, мамлакатимизда ҳам нафақат жиноят, балки маъмурий, фуқаролик ишлари бўйича ҳам суд маслаҳатчилари институтини жорий этиш лозим.
Шу мақсадда «Ўзбекистон Республикасининг суд маслаҳатчилари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тавсия этилади. Унга кўра, айрим тоифадаги фуқаролик, маъмурий ишларда, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг туман ва вилоят судларида кўрилишида суд маслаҳатчиларининг иштирок этиши, суд маслаҳатчиларининг сони, уларни танлаш (сайлаш) шартлари, муддатлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми каби нормалар назарда тутилиши керак.
Қолаверса, суд маслаҳатчилари институтининг жорий этилиши муносабати билан уларни ўқитиш, малакасини ошириш, суд биносида улар учун алоҳида хоналар ажратиш, уларнинг хавф-сизлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топиши мақсадга мувофиқдир.
Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,
юридик фанлар доктори, профессор
Фикр қолдириш