МАҲАЛЛА ПОСБОНИ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

30 апрель 2019

Фарғонада маҳалла посбони вазифасида ишлаган фуқаро ўзаро жанжал оқибатида оғир тан жароҳати етказган шахснинг ўлимига сабабчи бўлди.

Пиён улфат – зиён улфат, дейди донолар. Дарҳақиқат, ичкилик бирор-бир кимсага наф келтирмаган. Айниқса, маст бўлгани ҳолда кўплаб нохуш ҳолатларга қўл урилади. Раҳмонжон Ортиқов Фурқат туманидаги “Чек кўприк” маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик тузилмаси раҳбари вазифасида ишларди. У 2018 йил 27 октябрь куни соат 22-00 ларда ҳамқишлоғи билан спиртли ичимлик ичиб, уйига қайтаётганида маст бўлган қўшниси К. Содиқов билан ўзаро гап талашиб, жанжаллашади. 
 
Жанжал давомида К. Содиқов маҳалла посбонининг юз қисмига бош соҳаси билан бир маротаба уриб, енгил тан жароҳати етказган. Р. Ортиқов қўшнисини тинчлантириш ўрнига муштлашишни давом эттириб, қўл ва оёқлари билан юз қисмига ва баданининг турли соҳаларига қасддан бир неча маротаба уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. К. Содиқовнинг мурдаси шу жойдаги йўл четидан оқиб ўтувчи зовур ичидан топилган.
 
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Р. Ортиқовнинг яшаш хонадонидан бир жуфт оёқ кийим ва ёниб кетган кийимларнинг қолдиқлари холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.
 
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судида Р. Ортиқовнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: