ЎЗБЕКИСТОН ЭЛЕКТРОН СУДЛОВ ТИЗИМИ ХАЛҚАРО ФОРУМДА МУВАФФАҚИЯТЛИ ИШТИРОК ЭТДИ

08 май 2019

Жорий йил 29 апрель – 2 май кунлари Голландиянинг Гаага шаҳрида бўлиб ўтган VI бутундунё одил судлов форуми доирасида “Бутундунё одил судлов даъвати – 2019: одил судловга эришиш” танловининг финал босқичида Ўзбекистон миллий ахборот электрон судлов тизими E-SUD иштирок этди.

sud20.png

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон миллий ахборот электрон судлов тизими форумда кўплаб нуфузли меҳмонлар эътиборини тортди. Хусусан, “Бутундунё одил судлов” лойиҳаси Президенти ва Бош директори Вильям Неукман шахсан форум доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий E-SUD электрон тизими ахборот бурчагини кўздан кечираркан, Ўзбекистонда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Ўзбекистонда E-SUD электрон тизими 2014 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури “Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида амалга жорий этиб келинмоқда.

Бу тизимнинг асосий мақсади судларда ишларни кўриш тартибини соддалаштириш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, умуман айтганда, фуқароларнинг судга мурожаат этиши учун қулайлик ва енгиллик яратишдан иборат.

sud21.png

E-SUD судлов тизими 2018 йилдан фуқаролик ишлари бўйича 75 та туманлараро, туман (шаҳар) ва 14 та вилоят судларида муваффақиятли жорий этилди.

Бу электрон судлов тизимининг судлар фаолиятига жорий этилиши натижасида фуқароларнинг ташрифи 6-7 мартадан 2-3 мартага камайди, бу ўз навбатида, тарафларнинг сезиларли маблағи тежаб қолинишига эришилди.

Эндиликда фуқаролар низоли ҳолатларни ҳал қилиш мақсадида вақт ва маблағ сарфлаб судга бормасдан уй ёки ишхонада туриб, E-SUD электрон судлов тизими орқали мурожаат қилиши мумкин.

Айни вақтда E-SUD тизимида 13 минг фойдаланувчи рўйхатга олинган, уларнинг 600 нафарини адвокатлар, 2084 тасини юридик, 9906 нафарини жисмоний шахслар ташкил этади. Фойдаланувчиларнинг 4938 нафари (49,8 фоизи) аёллардан иборат.

Бундан ташқари кейинги икки йилда E-SUD тизими орқали 37 минг нафардан ортиқ аёллар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ низоларни муваффақиятли ҳал этишди. Бу кўрсаткич 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 11 марта кўпдир.

Қайд этиш керакки, бутун дунё одил судлов лойиҳаси жаҳон давлатларида қонун устуворлиги индексини (The WJP`s Rule of Law Index) ишлаб чиқувчи саналади.

 

sud22.png

Бу индекс 2010 йилда ишлаб чиқилган. Бутун дунё одил судлов форуми финал босқичига Ўзбекистон электрон тизимининг иштирок этиши ва унинг имкониятлари таниқли ҳуқуқшунослар, адвокатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан муносиб баҳоланиши мамлакатимизнинг халқаро рейтингда нуфузи ошиши, миллий иқтисодиётимизга янада кўпроқ инвестициялар жалб этишга хизмат қилади.

Шунингдек, Гаагада ўтган форум доирасида Ўзбекистон делегацияси БМТ бош котиби ёрдамчиси, БМТ тараққиёт дастури бош директори Асако Окай билан учрашиб, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олишди.

 

Олий суд Матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: