Жорий йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Қашқадарё вилоятида ўтказилган сайёр қабулида вояга етмаган бола таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган баъзи “меҳрибон ота-оналар” учун ибрат бўладиган ҳолатнинг гувоҳи бўлдим.
Қабулга Қарши шаҳар “Кунчиқар” маҳалласида яшовчи 70 ёшни қаршилаган онахон Меҳрибон Салимова (исм-шарифи ўзгартирилган) кириб келди. Онахон ҳам суд қароридан норозилигини билдирса керак, деб гапини бўлмасдан диққат билан тингладим. Қизиқ, онахон суд қароридан эмас, балки қонунда белгиланган ўз мажбуриятни бажара олмаётгани сабабли сайёр қабулга келган экан.
Маълум бўлишича, онахоннинг ўғли Каримулло Салимов ва унинг келини Раъно Салимова 2013 йилда турмуш қуришган. Ўрталарида бир нафар фарзанди бор. Икки йил яшар-яшамас эр-хотин келишмай ажрашган. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2014 йил 30 июндаги суд буйруғи билан Р.Салимова фойдасига фарзанд таъминоти учун К.Салимов ойлик даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Гарчанд суд буйруғига асосан К.Салимовдан алимент ундириш белгиланган бўлса-да, ўғлининг соғлиги яхши бўлмаганлиги сабабли ишида узилишлар бўлган. Шу боис Меҳрибон Салимова шахсий ташаббуси билан ўзининг пенсия маблағлари ҳисобидан неварасининг таъминоти учун алимент суммаларини тўлаб келишга ҳаракат қилган ҳамда Раъно Салимованинг яшаш манзилига алимент тўловларини почта орқали юбориб турган.
Бироқ Раъно Салимова алимент пулини олишдан бош тортган. Қарши почта алоқа тармоғининг 2018 йил 13 ноябрдаги маълумотномасида Р.Салимованинг яшаш манзилига жами 4.198.905 сўм миқдордаги алимент пуллари юборилганлиги, Р.Салимова эса уларни олишдан бош тортганлиги кўрсатилган.
Шу ўринда савол туғилади: юборилган алимент пулларини олишдан бош тортадиган бўлса, алимент ундиришни сўраб, судга мурожаат қилишдан мақсад нима?
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 123-моддасига кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган болаларга таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ёки буви зиммасига юклатилиши мумкин.
Р.Салимова қонун ушбу талабини билармикин? Нима учун буви ташаббуси билан неварасининг ризқи бўлган ва унинг таъминоти учун берилиши лозим бўлган алиментни олишдан бош тортмоқда?
Сайёр қабулда Меҳрибон ая Салимовага неварасининг номига банкда ҳисоб рақамини очиб, ҳар ойлик алимент тўловларни шу ҳисоб рақамга ўтказиб туриши, келини алиментни олишдан бош тортган тақдирда, невараси вояга етгандан сўнг, ўзи бу пулларни олишга ҳақли эканлиги тушунтирилди.
М.Салимованинг ушбу ҳаракатлари турли баҳоналар билан ўз фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан бош тортиб келаётган айрим алимент тўловчилар учун ўрнак бўлиши керак. Зеро, ота-она, бобо-буви келажагимиз бўлган фарзандлар тарбияси ва моддий таъминоти учун масъул ҳисобланишини унутмаслик лозим.
Акмал Муродов
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш