Мажбурий жамоат ишлари жазоси – маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборат бўлиб, маҳкум ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўталади.
Хорижий давлатлар тажрибаси:
Францияда «жамоат манфаатлари йўлидаги ишлар»;
Испанияда эса «жамият фойдаси йўлидаги ишлар»;
Дания, Голландия ва Норвегия давлатларида «жамоат ишлари» деб номланади.
Мажбурий жамоат ишлари жазоси: бир юз йигирма соатдан тўрт юз саксон соатгача бўлган муддатга тайинланади.
Хорижий давлатлар тажрибаси:
Норвегияда 30 соатдан 420 соатгача;
Швеция ва Данияда 40 соатдан 240 соатгача;
Россия, Озарбайжонда 60 соатдан 240 соатгача;
Латвияда 40 соатдан 280 соатгача;
Польшада ойига 20 соатдан – 40 соатгача қилиб белгиланган.
Мажбурий жамоат ишлари жазоси: олти ой давомида кунига тўрт соатдан кўп бўлмаган вақтда, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда эса, бир йилгача бўлган муҳлатда кунига тўрт соатдан кўп бўлмаган вақтда ўталади.
Мажбурий жамоат ишлари жазоси қуйидаги шахсларга қўлланилмайди: пенсия ёшига етган шахсларга; ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга; ҳомиладор аёлларга; уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга; биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига; ҳарбий хизматчиларга; чет эл фуқароларига ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Хорижий давлатлар тажрибаси:
Беларус – ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга;
Буюк Британияда- ўн етти ёшга тўлмаган шахсларга;
Грузия,Озарбайжон, Беларусда – ҳомиладор аёлларга ;
Озарбайжон, Грузияда – нафақа ёшига етган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронларига;
Францияда – жамият манфаатларидаги ишлардан бош тортаётган ёки суд мажлисида иштирок этмаётган маҳкумга;
Латвия – меҳнатга лаёқатсиз шахсларга;
Агар, маҳкум жазони ўташдан бўйин товласа суд мажбурий жамоат ишларининг ўталмаган муддатини мажбурий жамоат ишларининг тўрт соатини озодликни чеклашнинг ёки озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланилган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Давлатмирза Камилов,
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси.
Акрамжон Арипов,
Суд амалиёти ва статистикаси бўлим бошлиғи.
Фикр қолдириш