КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ
Мамлакатимиз суд тизимида соғлом ва ҳар қандай иллатлардан ҳоли бўлган муҳитни шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим ва устувор вазифамиз бўлмоғи лозим.
Бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, суд тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обърўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.
Адолатни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйиб келган, нопоқ ишлардан ҳазар қилган, маънавияти ва маданияти юксак бўлган ўзбек халқи учун коррупция мутлақо ярашмайдиган иллатдир.
Шу боис, Ўзбекистонда тараққиётимизнинг янги босқичида бу иллатга қарши курашнинг энг самарали усулларини мужассам этган комплекс ёндашувга давлатимиз раҳбари томонидан асос солинганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривошлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бошқа тизимлар сингари суд тизимини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш ғоят долзарб вазифа этиб белгиланди.
Хусусан, судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаларидан бири судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан бир қаторда суд тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ҳисобланади.
Шу нақтаи назардан, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида коррупцияни олдини олиш, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида, коррупцион жиноятларни содир этганлиги учун судланган судьялар ва суд ходимлари билан боғлиқ бўлган вазиятлар акс эттирилган “Тавба ва тазарру” номли ҳужжатли фильм тайёрланиб, Нукус шаҳар ҳокимлиги биносида Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда намойиш қилинди.
Тадбирда мол-дунё тўплаш энг ёмон иллатлардан бири эканлиги таъкидланиб, айниқса, бу борада амалдаги судьяларнинг турмуш ўртоқлари ўзларини тия билишлари ва умр йўлдошидан ойлик маошидан ташқари пул топиб келишини талаб қилмаслиги алоҳида ўқтириб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда қатнашган Судьялар олий кенгаши аъзолари ва фахрийлари томонидан барча судьялар ва суд ходимларига ўз хизмат ва мансаб ваколатлари доирасида олиб бораётган фаолиятида коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмасликлари, ҳар бир суд ходими судьянинг доимий назоратида бўлиши кераклиги, бу соҳа вакиллари тўлов қайдномасида кўрсатилган миқдордаги ойлик маошларига қаноат қилиб яшаш кераклиги борасида йўл – йўриқлар, тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг барча судьялари ва суд аппарати ходимлари биргаликда коррупцияга қарши курашиб, фарзандларимизнинг келажаги ва Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ваъда бердилар.
Қорақалпоғистон Республикаси
жиноят ишлари бўйича суди
Фикр қолдириш