“XXI АSR” ижтимоий-сиёсий газетасининг сайтида мазкур нашрнинг 50 (788)-сонида эълон қилинган “Адолат тарозиси нега бир хил эмас?!” деб номланган мақола юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 34-моддасига мувофиқ, “АДОЛАТ ТАРОЗИСИ БИР ХИЛ фақат ўлчовни тўғри олиш керак” сарлавҳали раддия эълон қилинди.
“XXI АSR” ижтимоий-сиёсий газетасининг 50 (788)-сонида Хоразм вилояти Хива шаҳрида истиқомат қилувчи Шокир Маткаримовнинг ҳақ-ҳуқуқлари судлар томонидан бузилганлиги иддао қилинган “Адолат тарозиси нега бир хил эмас?!” сарлавҳали мақола чоп этилган.
Маълум бўлишича, даъвогар Ш.Маткаримов жавобгарлар Хива туман ҳокимлиги, фуқаролар У.Шарипова ва Б.Мадаминовга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда Хива туман ҳокимининг 2007 йил 29 декабрдаги 967-сонли ва 2013 йил 2 октябрдаги 1518-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ўзига тегишли ер майдонида фуқаролар У.Шарипова ва Б.Мадаминов томонидан қурилган биноларни уларнинг ҳисобидан буздиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 426-моддасига биноан, назорат тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади. Ушбу қонун талабига биноан, суд қарорларининг қонунийлигига баҳо бериш Ўзбекистон Республикаси Олий суди ваколатига тегишлидир. Бироқ фуқаро Ш.Маткаримов гарчи унга бу ҳуқуқлари судда тушунтирилган бўлса-да, Олий судга эмас, журналистга мурожаат қилган. Ўз навбатида, журналист ҳам фуқарога қонуний ҳуқуқларидан фойдаланишни тушунтириш ўрнига, иш ҳужжатлари билан танишмай, фақат даъвогарнинг иддаоларига асосланиб, суд қарори моҳиятини тўлиқ англамай, мақола чоп этган.
Хўш, фақат бир тарафнинг важларига асосланиб ёзилган мақолани адолатли деб бўладими?
Йўқ, албатта! Мадомики, журналист ушбу низони иш ҳужжатлари асосида батафсил ўрганиб, сўнг мақолани чоп этганида, зиғирча эътирозга ўрин қолмасди.
Аслида, ҳолат қандай бўлган?
Даъвогар Ш.Маткаримовга Хива тумани собиқ “Хива” жамоа хўжалиги вакиллар йиғилишининг 2000 йил 11 мартдаги 2-сонли қарорига биноан якка тартибда уй-жой қуриш учун 1300 м2 ер ажратилиши белгиланган. Ушбу қарор Хива туман ҳокимининг 2000 йил 18 июлдаги 907-сонли қарори билан тасдиқланган ва бу иш ҳужжатларида ҳам қайд этилган. Журналист эса, амалдаги қонун талабларидан бехабар кўринади: мазкур қарор сохта эмаслиги-ю, судлар буни инобатга олмай хато қилгани ҳақида “билағонлик” қилади.
Модомики, қарор билан ер майдони ажратилган экан, даъвогар Ш.Маткаримовга ер майдони тегишли тартибда ўлчам берилганми, давлат, яъни кадастр хизматидан ер майдони рўйхатдан ўтказилганми, деган савол туғилади. Негаки, амалдаги Ер кодексининг 31-моддаси талабига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида, чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши белгиланган.
Ушбу Кодекснинг 32-моддаси 4-қисмига кўра, ер участкасининг тасдиқланган плани ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бироқ даъвогар Ш.Маткаримов ҳоким қарори билан ўзига ажратилган ер участкасининг тасдиқланган планини, ер участкаси унга қачон ва қайси чизма асосида ажратиб берилганини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим эта олмаган.
Қолаверса, ҳоким қарорида даъвогар Ш.Маткаримовга ер майдони ажратилганлиги қайд этилган бўлса-да, қайси контурдан ажратилганлиги кўрсатилмаган ва бу ҳолат суд жараёнида мутахассислар иштирокида текширилганида ҳам аниқланмаган. Аксинча, судда Ш.Маткаримовнинг номига ер давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланган.
Давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги боис низога сабаб бўлаётган ушбу ер майдони давлат захирасидаги, яъни эгалиги бўлмаган ер майдони ҳисобланади. Қонуннинг ушбу талабидан журналист хабардор бўлганида эди, аён ҳақиқатни нотўғри талқин қилиб, муштарийларни чалғитмаган, суднинг обрўсига путур етказмаган бўларди.
Шунингдек, мақолада журналист сайёр суд мажлиси амалда ўтмаган, лекин қарори бор, деган фикрни билдиради. Иш ҳужжатларида эса, сайёр суд мажлиси 2017 йил 20 ноябрда Хива тумани “Гулшан” МФЙ биносида ўтказилганлиги тўғрисида суд мажлисининг баённомаси мавжуд. Қолаверса, мақолада келтирилган важларни ўрганиш жараёнида “Гулшан” МФЙ раиси ҳам сайёр суд мажлиси ўтказилганлигини тасдиқлади.
Мақолада низога сабаб бўлаётган ер майдони Ш.Маткаримовга тегишли эканлигини гувоҳлар ҳам тасдиқлаши, аммо судлар буни инобатга олмаганлиги келтирилади. Аслида эса, мазкур низо ечими юқорида қайд этилган Ер кодексининг 31-моддаси билан тартибга солинган бўлиб, гувоҳлар ёрдамида исботлашга йўл қўйилмаслигини журналист унутган кўринади.
Бундан ташқари, мақолада Ш.Маткаримов вилоят суди раиси қабулига кирганида суд раиси унга масала ечимининг учта йўли борлиги ҳақида тушунтириш берганлигини истеҳзо билан қайд этади.
Холбуки, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси 6-қисмига кўра, агар қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилишини тушунтириши лозимлиги қайд этилган.
Суд раиси ушбу қонун талабига мувофиқ, қабул қилинган суд қарорларининг қонунийлигига баҳо бериш Олий суднинг ваколатига тегишли эканлигини тушунтириб, суд қарорларидан норози бўлган тақдирда, Олий судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқини, агар асослар мавжуд бўлса, ишни янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида судга ариза бериши мумкинлигини, ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлса, маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтирган.
Хулоса қилиб айтганда, баён қилинган ҳолатлар ва Ер кодекси 31-32-моддалари талабларининг бажарилмаганлиги судлар томонидан фуқаро Ш.Маткаримовнинг даъвосини рад этишга асос бўлган.
Журналист эса, Ш.Маткаримов томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унинг манфаатига мос равишда ёзилган мақолада тарозининг икки палласи борлигини унутган ҳолда ўқувчиларни чалғитган, холос. Зеро, суд қарори фақатгина текширилган далилларгагина асосланади.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш