Ўзбекистон Республикаси Олий суд матбуот хизмати хабар қилади
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳукми билан Бойсун туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мирзақул Шамсиев Жиноят кодексининг 210-моддаси 1–қисми билан, Сурхондарё вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Бойсун туман филиали “Ер тузиш ва бино иншоот” бўлими мутахассиси Санжарбек Ашуров Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 228-моддаси 1-қисми ва 28, 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди.
С.Ашуров 2018 йилнинг июнь ойи ўрталарида фуқаро Жўрақул Солиев билан учрашиб, Бойсун тумани ҳудудида боғдорчиликка мўлжалланган юридик мақомдаги деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида ер майдони ажратилишида ёрдам беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига “Ёмчи” участкасидаги 0,30 га лалми ер майдонини кўрсатиб, ушбу ер майдони унга ажратилиши учун 30.млн сўм бериши лозимлигини айтиб, Ж.Солиевдан фуқаро З.Хушвақованинг паспорт нусхаси ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) нусхаларини олган. С.Ашуров ер ажратиш бўйича Бойсун туман ҳокимининг қарори чиққанидан сўнг 2018 йил 11 сентябрь куни Ж.Солиевга телефон қилиб, унга З.Хушвақова номига 0,30 га лалми ер майдони ажратиш ҳақидаги Бойсун туман ҳокими қарори чиққанлигини ва ерни ўлчаб беришини, шу сабабли келишилган 30 млн. сўмни олиб келишини билдирган.
2018 йил 13 сентябрь куни соат 16.00. да Ж.Солиевнинг аризаси юзасидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида С.Ашуров Бойсун тумани, “Робот” массиви, “Ёмчи” участкаси ҳудудидаги катта йўл четида жойлашган ер майдонида Ж.Солиевга ер майдонини ўлчаб бериб, З.Хушвақовага деҳқон хўжалиги юритиш учун 2018 йил 10 сентябрда чиқарилган ҳоким қарорининг асл нусхасини бериб, ундан 30 млн. сўмни олиб, ушбу пулдан 100 АҚШ долларини Бойсун туман ҳокими ўринбосари М.Шамсиевга пора тариқасида ҳам беришини айтиб, пора олишда иштирокчилик содир этган вақтда ашёвий далил билан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, С.Ашуров тезкор тадбирда олинган 30 млн. сўмдан 100 АҚШ долларини улуш сифатида туман ҳокими ўринбосарига пора сифатида тақдим этишини билдирган.
Мирзақул Шамсиев 2018 йил 13 сентябрь куни Бойсун туманидаги “Мирқоракўз” массиви чорраҳасида З.Хушвақова номига 0,30 га лалми ер майдони ажратиб бериш бўйича туман ҳокими қарорини чиқартириб берганлиги эвазига С.Ашуровдан кимёвий ишлов берилган 100 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланган.
Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, С.Ашуровга 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, ҳоким ўринбосари М.Шамсиевга 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Фикр қолдириш