ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ АХБОРОТИ

Бугун “Xabar.uz” сайти оммавий ахборот воситаларининг ахборот олиш ва тарқатиш билан боғлиқ тамойилларига зид тарзда, яъни тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлигини текширмасдан, ҳатто муллифини ҳам кўрсатмасдан “Тошкентлик аёл Олий суд биносига ойна орқали кирибди!” деб хабар тарқатди. Сарлавҳадан кўриниб турибдики, таҳририятнинг ўзи ҳам тарқатаётган хабарига шубҳа билан қараган. Аслида, ОАВ билан ишлашга масъул бўлган Олий суд Матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга аниқлик киритиб, қуруқ шов-шувнинг ортидан қувмай, ахборотни холис ва ҳаққоний тарқатганида, ўқувчини чалғитмаган, Олий суднинг ишчанлик обрўига путур етказмаган бўларди.

Ҳақиқатдан ҳам, фуқаро Х.Юсупова қўриқлаш ходимининг талабига бўйсинмасдан, фуқаролар қабулхонасига эмас, балки Олий суднинг асосий биносига кирмоқчи бўлган. Ваҳоланки, Олий суднинг фуқаролар қабулхонаси уззу кун очиқ ва қабул кун давомида амалга оширилади.

Ўқувчига тушунарли бўлиши  учун мазкур ҳолатга даҳлдор фуқаролик иши ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз кўринади.

2017 йил 1 июнда даъвогар А.Бобоев жавобгарлар З.Юсупов ва бошқаларни ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли уйдан кўчириш ва ўзини уйга киритиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Ўз навбатида, З.Юсупов жавобгарлар А. Бобоев ва бошқаларга нисбатан даъво муддатини тиклаш, уй-жойга меросхўр деб топиш, қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномаларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга қарши даъво берган.

Низога сабаб бўлаётган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Яланғоч даҳаси, 112-уй, 62-хонадон дастлаб мулк ҳуқуқи асосида Мирзаахмат Азаматовга тегишли бўлган. 1997 йил 23 сентябрда у ўзига тегишли бўлган ушбу хонадонни Зафар Юсуповга мерос қолдириш ҳақида Мирзо Улуғбек туман 1-сонли давлат нотариал идорасида васиятнома расмийлаштирган.

М.Азаматов 1997 йил 30 октябрда вафот этган. Унинг вафотидан сўнг опаси Асолат Бобоева номига Яккасарой туман 1-сонли ДНИ нотариуси Э.Забирова томонидан низоли хонадонга 1998 йил 5 майда қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳнома берилган.

Асолат Бобоева 2002 йил 23 февраль куни вафот этган. Фарғона вилояти Бешариқ тумани 2-сонли ДНИ томонидан 2015 йил 5 октябрда тасдиқланган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан мазкур низоли хонадонга унинг ўғли Адҳамжон Бобоев меросхўр деб топилган ва ҳозирда уйнинг қонуний мулкдори ҳисобланади.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек, Фуқаролик кодексида белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.

Аниқланишича, Мирзааҳмат Азаматовнинг вафотидан сўнг Яккасарой туман 1-сонли ДНИ нотариуси Э.Забирова томонидан А. Бобоевага қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳнома берилаётганда марҳум томонидан васиятнома қолдирилган-қолдирилмагани текширилмаган. Бунинг натижасида З.Юсуповнинг васиятнома бўйича мерос қабул қилиб олиш ҳуқуқи чекланган.

Фуқаролик кодексининг 154-моддасига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.

Қонун талабини қайд этишдан кўзланган мақсад шуки, З.Юсупов қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилиб, бундай талаб бўйича даъво муддатини ўтказиб юборганини узрли деб топиш ва тиклашни сўраган.

Ўз навбатида, А. Бобоев З.Юсуповнинг ушбу талабларига нисбатан даъво муддатини қўллаб, уни рад қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Фуқаролик кодексининг 153-моддаси 3-қисмида даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлиши қайд этилган. Шунга кўра, судлар З.Юсупов томонидан даъво муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилган, деб топиб, талаб рад этган.

Негаки, З.Юсупов марҳум томонидан низоли хонадон ўзига васият қилинганидан хабари бўлган ҳолда М.Азаматов вафот этгач, васиятнома бўйича ўз ҳуқуқини амалга оширмаган.

Бундан ташқари, Асолат Бобоева 1998 йил август ойида З.Юсупов номига берилган васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш ва уни хонадондан кўчириш ҳақида, З.Юсупов эса, ворислик ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳакида қарши даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Мирзо Улуғбек туман судининг 1999 йил 17 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Бобоеванинг даъвоси қаноатлантирилган, З.Юсуповнинг қарши даъво аризаси рад қилинган. З.Юсуповнинг ишончли вакили З. Худойкулованинг кассация шикояти асосида Тошкент шаҳар суди фукаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1999 йил 8 апрелдаги ажрими билан юқоридаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.

Мирзо Улуғбек туман судининг 1999 йил 20 августдаги ажрими билан даъвогар А. Бобоева судга келмаганлиги сабабли иш кўрмасдан қолдирилган ва ҳозирда мазкур ажрим қонуний кучда.

Аниқланишича, фуқаролик иши кўрилганидан З.Юсуповнинг хабари бўлган, суд мажлисларида унинг ишончли вакили – онаси З. Худойкулова қатнашган, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво киритган. Иш кўрмасдан қолдирилгандан сўнг ҳам З.Юсупов 18 йил давомида бундай талаб билан судга қайта мурожаат қилмаган.

         Хўш, бундай ҳолатда қандай қилиб даъво муддатини ўтмаган ёки узрли деб топиш мумкин?!

Аслида З.Юсупов ушбу низоли уйда эмас, балки Украинада яшайди. Судда ўзининг номидан иштирок этиш учун онасининг номига берилган ишончномани Киев шаҳридаги нотариал идора орқали расмийлаштириб юборган. Низоли уйда эса, унинг синглиси Хуршида Юсупова (суднинг биносига жанжал қилиб кирган аёл) оила аъзолари билан рўйхатсиз яшаб келади. З.Юсуповнинг ишончли вакили, яъни онаси З.Худойкулова эса, низоли хонадонда умуман яшамайди. Х. Юсупова Самарқанд вилоятида доимий рўйхатда туради.

Даъвогар А. Бобоев 2015 йил 5 октябрдаги меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан низоли уйнинг мулкдори сифатида жавобгарларни уйдан чиқаришни талаб қилган.

“Xabar.uz” сайтида келтирилган суд қарорининг ижроси тўхтатилмасдан келинаётганлиги тўғрисидаги важ ҳам асоссиз. Зеро, З.Юсуповнинг қонуний вакили З. Худойкулованинг аризалари қайта-қайта кўрилган, иш 3 марта ижро тўхтатилган ҳолда ўрганилган ва қонуний тартибда жавоб берилган.

Х. Юсупова қабул қилинмаганлиги тўғрисидаги фикрлар ҳам асоссиз бўлиб, Олий судда унинг ишончли вакили – онаси З.Худойқулова ва адвокати 3 июнь куни ҳам қабул қилиниб, уларга қонун талаблари тушунтирилган.

Унутмаслик лозимки, қонуний асос бўлмаса, даъвогарнинг жанжал кўтариши, ҳатто “шантаж” қилиши ёки ОАВда шов-шув кўтариши билан оқни қора, деб бўлмайди!

Шу маънода, “Xabar.uz” сайти асоссиз шов-шувга берилмай, масала моҳиятини чуқурроқ ўрганиб, ким ҳақ-у, ким ноҳақ эканини холис ёритганида, ОАВнинг ҳаққонийлик тамойилига зид хабар тарқатмаган бўларди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди Матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: