Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан вилоятларда сайёр қабуллар ўтказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча вилоятларида сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 25 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва Беруний туманида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ҳамда Олий суд судьялари С.Мамбеткадыров ва К.Тариховлар томонидан оммавий сайёр қабуллари ўтказилди.
Ўтказилган сайёр қабулда аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари тингланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва Беруний туманида
ўтказилган сайёр қабул давомида 105 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, уй-жой, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар суд қарорлари билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролар билан суҳбатлашилди, тегишли тартибда назорат тартибидаги шикоятлари қабул қилиб олинди.
Сайёр қабул давомида иккита оила яраштирилди, 5 та фуқаролар тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида қабул қилиниб, уларни ишга жойлаш масаласи ҳал қилинди.
Бундан ташқари сайёр қабул жараёнида жазосини ўтаётган 67 нафар маҳкумларга нисбатан ЖК 73 ва 74-моддалари тартибида жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди ва жазолари енгилроғи билан алмаштирилиб, шундан 26 нафар маҳкум қамоқдан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Сайёр қабулларда судга оид бўлмаган мурожаатлар ҳам тингланиб, тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари жалб қилинган ҳолда муаммолар ўз ўрнида бартараф этилди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш