28 май 2019
Пул яхши нарсаю уни топиш ҳарна мушкулроқ-да. Пешона тер керак, ақл керак, фаросат керак. Мана шулар билан билакни шимариб, ишга киришилса, албатта, фойда бўлади. Аммо орамизда пул топишнинг бундай йўлини “оғир” билиб, қинғирликка қўл ураётганлар ҳам кўп учраб турибди.
Гулиасал “Пушкин” метро бекатигача “қочиб келди”. Шу бекатга иниб, киссавур шериги Ғуломнинг йўлини пойлади. Ичига ғулғула оралади. Кўп кутди. Ўзича ишнинг миси чиққанини тусмол қилган бўлди. Устига шериги Ғуломдан дарак бўлмади. Гулиасал чўчинди. Қинғирлиги фош бўлиши оқибатида ўзининг балога қолишини ўйлаб, тўрвасини ковлай бошлади.
Қўрқа-писа тўрвадан қўл телефон чиқарди. Кейин нарироқда турган нозир — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг қаршисига борди:
– Кечирасиз, кимдир телефонини тушириб қолдирибди. Топиб олдим. Ўғирлик қилди, деб ўйламанг. Мана, телефон, балки эгаси чиқиб қолар!..
Нозир ажабсиниб қўл телефонни олди:
– Албатта, текшириб кўрамиз. Сизга катта раҳмат.
Гулиасал бекатда ортиқ туролмади. Қилган ишидан кўнгли бироз тинчланди. Аммо бу палла шериги Ғуломнинг аллақачон қўлга тушганидан бехабар эди. Гулиасалнинг хотиржамлиги узоққа чўзилмади. Уни тезда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари “йўқлади”. Шундагина ўтган воқеалар унинг кўз ўнгидан бир-бир ўтди…
…Куз кунларининг бирида илгаридан тил бириктириб келган Ғулом билан Гулиасал “овга” отланди. Улар ишни ерости уловидан бошлашга қарор қилишди. Шу мақсадда “Буюк ипак йўли” метро бекатида пайдо бўлдилар. Кўрсалар, кассада одам гавжум. Биров бировга қиё боқмайди. Улар бу вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлишди. Бир четда навбат кутиб турган қизга яқин келган Ғулом унинг киссасида қиммат қўл телефон борлигини пайқади. Сездирмасдан қизнинг чўнтагига қўл солди. Одам кўп эди. Қиз ғафлатда қолаёзди. Ғулом ўзича ишни “хамирдан қил суғиргандек” битирди. Қўл телефонни олиб, қабатида турган киссафуруш шериги Гулиасалга узатди. Аммо шу пайт қиз сергак тортди. Чўнтагидан телефонини “ўғирлашган”ини пайқаб, бақириб қолди. Атрофда турган назоратчилар тезда воқеа жойида ҳозир бўлдилар. Афтидан қиз Ғуломни пайқади. Гулиасал қўрққаниданми, қувлигиданми ўзини йўловчилар орасига уриб, метрога тушди-ю жўнаб кетди…
Ғулом ҳам, Гулиасал ҳам қўлга олинди. Қўл телефон эгасига қайтарилди. Гулиасал зорланди:
– Менга енгиллик беринг. Битта болам бор. Етмаганига касалмандман…
Суд ишни батафсил ўрганди. Киссавурлар ҳам обдон эшитилди. Жиноятга яраша жазо тайин бўлди. Ғулом қилмишига яраша тўрт йил озодликдан маҳрум бўлган бўлса, Гулиасал мўмайгина жарима билан бирга беш йилга озодликдан чекланди.
Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман суди раиси
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 28 май)
Фикр қолдириш