Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 28 май куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференцияси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятни демократлаштириш ва бу жараёнда ОАВнинг ролини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва матбуот мустақиллигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.
Конференцияда сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева қуйидагиларга тўхталиб ўтди: “Ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада энг асосий муаммо — бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир, — деди Саида Мирзиёева. — Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда. Аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадими? Улар ишини янада фаоллаштириш ва такомиллаштириш учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Бу саволлар долзарб бўлиб қолмоқда. Афсуски, уларнинг иш юритиш тартиби, ахборот тарқатиш усул ва механизмлари замон талабларига мутлақо мос эмас”.
Шунингдек, маърузачи ўз нутқида, Давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисида Концепциясини қабул қилиш зарурати тобора ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Матбуот хизмати бошлиғи в.б. Олимжон Ўсаров қатнашди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш