Алимент тўламаслик ишсиз эркакни жавобгарликдан озод қилмайди. Ҳайитали Ўлмасовнинг 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан ажрашган. Вақтинча ишсиз.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2009 йил 25 сентябрь кунги ижро варақасига кўра, собиқ турмуш ўртоғи Гулираъно Ганиеванинг тарбиясида бўлган бир нафар вояга етмаган фарзанди, яъни 2009 йил 22 май куни туғилган Жасминага моддий таъминоти ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланди. Аммо у деярли 9 ой мобайнида алимент пулини тўламади. Қонун тили билан айтганда, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлади. Унинг алиментдан қарздорлиги 3,5 млн. сўмдан ошган.
Судда Ўлмасов ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрор бўлди. Айтишича, оилавий келишмовчилик туфайли Гулираъно билан ажрашган. Бошида алимент пулларини тўлаб келган. Кейинчалик ҳеч қаерда ишламаганлиги сабабли тўлолмаган.
Ҳ.Ўлмасовнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракати Мажбурий ижро бюроси Дўстлик туман бўлими ходими томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Суд ҳуқуқбузар Ҳ.Ўлмасовга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Ҳ.Ўлмасов суд залидан қамоққа олинди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш