Халқимизда “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган нақл бор.Нақадар тўғри. Буни кўхна тарих исботлаган, ҳозир ҳам бунинг ҳақиқат эканлигига шубҳа йўқ.
Дарҳақиқат, инсон астойдил интилса, ҳар иккисининг ҳам уддасидан чиққади. Зеро, юртдошларимиз орасида бундайлар бисёр. Мақоламиз қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист яқинда ўзининг минг ойлигини нишонлаган Убайдулла Мингбоев ана шундай бахтга сазовор бўлган инсонлардан бири десак, муболаға эмас.
Убайдулла Қурбонович 1939 йил Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Болалигида жуда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Беш ёшида онаси, ўн етти ёшида эса отасидан айрилган. Унинг илм олишга иштиёқи зўр эди, бироқ фақат еттинчи синфни тугата олди, холос. Кейин эса турмуш ташвишлари унинг митти гарданига тушди…
Кунларнинг бирида газетадан Самарқанддаги Мичурин номидаги техникумга еттинчи синфни битирган ўғил-қизлар ўқишга қабул қилиниши тўғрисидаги эълонни ўқийди. Қанчалик қийин бўлмасин, шу билим юртига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинади. Лекин орадан кўп ўтмай отаси вафот этгани туфайли ўқишни тўхтатишга мажбур бўлади ва жамоа хўжалигининг фермасида ҳисобчи бўлиб ишлай бошлайди.
Убайдулла ака “Етти пуштни билмоқ истаги” китобида ўша даврларни эслаб шундай ёзади: “Асосий вазифам чўпонларга меҳнат ҳақи ёзиш, уларни оёқ кийим билан таъминлаш, сут соғиладиган, солинадиган барча идишларнинг тозалигини текшириш, соғилган сутларни ҳисоб-китоб қилиш, сутнинг қаймоғини ажратиб, сўнгра қаймоқни куйдириб сариёғ сифатида тегишли жойларга топширишдан иборат эди. Мен иш давомида чўт уришни, табеллар тузишни, ойлик бериш учун ҳужжатлар тайёрлашни қунт билан ўргандим. Эрталаб тахминан соат бешдан тунги иккиларга қадар ишлар эдим…”
1956 йил август. Ўқишга бўлган иштиёқ уни ҳамон тинч қўймасди. Шу боис, Термиз шаҳрида савдо ходимлари тайёрлайдиган бир йиллик курсга боради, аммо у ерда қабул тугаган экан. Ана шунда у ўрта мактабда саккизинчи синфдан ўқишини давом эттиришга қарор қилади ва Сариосиё туманидаги 1-мактабда ўқий бошлади. Ота-онаси йўқлиги учун унга мактаб интернатидан ётоқхона берилди. 1959 йилда ўнинчи синфни муваффақиятли тамомлаб, ҳарбий хизматга кетди.
1962 йилнинг июль ойида ҳарбий қисмда йиғилиш бўлади ва унда 11 нафар аскар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшириш учун юборилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Улар орасида Убайдулла Мингбоев ҳам бор эди.
Ўша пайтда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлар ўқишни давом эттиришлари, ўта олмаганлар эса ҳарбий хизматга қайтиши лозим эди. Убайдулла Мингбоев Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топшириб, талабалик бахтига муяссар бўлди.
— Убайдулла Қурбонович билан бир даврда, бир институтда ўқиганмиз, ётоқхонада бир хонада турганмиз, — деб эслайди “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, юридик фанлар доктори, профессор Шуҳрат Жалилов. — У кишининг талабалик йиллари осон кечмаганини биз курсдошлар яхши эслаймиз. Дўстимиз бир йилча институтга фақат аскарликдаги ҳарбий либосида келган. Табиийки, бу ҳол кўпчиликни таажжубга соларди. Ростини айтганда, бошқа уст-бошимиз ҳам бўлмаган-да. Дам олиш кунлари ёки дарсдан сўнг мардикор бозорга чиқиб, пул ишлаб топишга мажбур бўлардик. Чунки бизнинг чўнтагимизга пул солиб қўядиган оталаримиз йўқ эди.
Пахта теримида Убайдулла ака ҳаммамизга намуна эди. Пахтани жуда тез терарди, ҳатто баъзи дангасароқ йигитлар ибрат олиши учун Убайдулла ака билан ёнма-ён қаторга қўйиларди. Табиийки, улар буни ҳам эплашолмасди ва Убайдулла ака терган пахтани хирмонга таширди. Аммо кўпинча терилган пахталарни ҳам ташиб улгуролмасди.
Ҳа, Убайдулла аканинг ҳаёт йўли кўпчилик ёшларимиз учун ибрат мактаби бўла олади, десам янглишмайман.
У.Мингбоев ўқишни битиргач, иш фаолиятини Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимида терговчиликдан бошлади. 1968 йилда Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасида бош терговчи, 1969 йилда Ички ишлар вазирлигининг тергов бошқармасига бош терговчи этиб тайинланди. 1971 йилда Сурхондарё вилоят судининг судьяси, 1972 йилда эса вилоят суди раисининг ўринбосари бўлди. 1975 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси этиб сайланди. 1978 йилдан 1987 йилгача Бухоро вилоят судининг раиси вазифасида ишлади.
— Ўша йиллари собиқ марказдан юборилган Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи Бухорода кўплаб кишиларни қамоққа тиқиб, мол-мулкларини мусодара қилган, ўзбошимчаликларни авж олдирган пайтлар эди, — дейди юридик фанлари доктори, профессор, суд ва прокуратура органлари фахрийси Мавжуда РАЖАБОВА. — Шундай кунларнинг бирида вилоят судига гдлянчилар уйлардаги бор мол-мулкларни мусодара қилиб олиб чиқиб кетгани, ўзларига тегишли мол-мулкни қайтариб берилиши сўралган ариза тушади. Табиийки, уларга қарши боришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Убайдулла Қурбонович ариза билан танишиб чиққач, ушбу даъво аризани шахсан ўзи кўришга қарор қилади. Мен вилоят прокурорининг ёрдамчиси сифатида ишда иштирок этиб, хулоса беришим керак эди. Убайдулла Қурбонович гдлянчилар дағдағасидан қўрқмай ишни кўрди ва мол-мулкнинг оила аъзоларига тегишли қисмини қайтариб бериш тўғрисида қарор чиқарди. Мана шу фактнинг ўзиёқ Убайдулла аканинг одил судья эканлигини тасдиқлайди.
1987 йилда Убайдулла Мингбоев яна Олий судга судья бўлиб келди. 1990 йил март ойида Тошкент шаҳар судининг раиси, 1991 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида Олий суд раиси этиб сайланди.
У узоқ йиллар суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, одил судловни талаб даражасида олиб боришга салмоқли ҳисса қўшди. Бу борадаги самарали меҳнатлари эвазига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Олий малакали судья” даражаси берилди, қатор давлат мукофотлари соҳиби бўлди.
— Бир кунлик адолат қирқ йиллик ибодатдан афзал, деган ҳикматни шиор қилиб олган Убайдулла Қурбоновичнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳақиқатни рўёбга чиқариш устознинг умр мазмунига айланганлигини теран ҳис этасиз, — дейди жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг раиси Абдуқаюм МАҲКАМОВ. — Устоз билан Олий суд раисининг ёрдамчиси ва маслаҳатчи лавозимларида бирга ишлаган давримда бунга амин бўлганман. У киши кўплаб шогирдларига судьялик жуда машаққатли, катта сабр ва матонат талаб қиладиган масъулиятли касб эканлигини уқтириб чарчамаган. Мана шундай учрашувларда Убайдулла Қурбонович бир фикрни кўп такрорлайди: “Судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозим. Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритиши, давлат ва жамиятнинг ишончли вакили экани судьяларга бошқаларга нисбатан каттароқ масъулият юклайди. Шундай экан, судья ўзига билдирилган юксак ишончдан фақат юрт равнақи, қонун устуворлиги йўлида фойдаланиши, ҳуқуқий давлат қурилишига ўз ҳиссасини қўшиши, давлат, жамият ва виждони олдида пок, ўз қасамёдига содиқ бўлиши лозим”.
Устознинг бу пурмаъно сўзлари судьялик касбига ҳавас қилаётган ёшларда илиқ таассурот уйғотиши шубҳасиз.
— Мен Убайдулла ака билан илк бор 1995 йили Алоқа вазирлигининг юридик бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб юрган кезларимда учрашганман, — деб эслайди фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси Маъруфжон Тажибоев. — У киши билан икки-уч дақиқалик суҳбатдан кейин суд тизими фаолиятига жуда қизиқиб қолдим. Тўғриси, мана шу қисқа суҳбатдан сўнг аввал фуқарони эшитиш, кейин фикр беришга ўрганганман, десам муболаға бўлмас. Биласизми, кейинчалик бир неча йил Бухоро вилоят суди раиси лавозимида ишладим. Бухоро халқи, аниқса, ёши улуғ инсонлар Убайдулла Қурбонович Бухоро вилояти суди раиси бўлиб ишлаган мустабид тузум даври жуда оғир бўлганини, ўша вақтда ҳам устоз адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ҳаракат қилганини кўп эслашади.
Устоз ўзининг “Етти пуштни билмоқ истаги” китобида шундай ёзади: “ Инсон эсон-омон юрса, сабр-қаноат билан яшаса, кўп нарсани кўрар экан. Мен бу гапларни ўз ҳаётим мисолида айтяпман. Гоҳида ўйга толаман, мустақил Ўзбекистонимиз Олий судининг биринчи раиси бўлганимдан, биринчи Конституциямиз лойиҳасини тузишда иштирок этганимдан қониқиш ҳосил қиламан. Республикамизда биринчи бор “Судлар тўғрисида”ги Қонунни тайёрлашда ишчи гуруҳга раҳбарлик қилганимни ҳам, 30–35-йилларда қатағон қилинганларнинг, 83–86-йилларда “Ўзбеклар иши” деб ноҳақ қамоқда ётганларнинг кўпларига адолатли суд қарорлари чиқарганимизни ҳам Тангри таолонинг менга кўрсатган инояти, берган неъмати деб биламан. Ҳарқалай, бу ишлар ҳам осонликча кечгани йўқ. Гоҳида ҳар бир иш учун, ундаги ҳар бир тақдир учун бевосита кураш олиб боришга тўғри келди… Мен қаерда ва қайси мансабда ишламай, адолатли фикр юритишни ва ҳар ишда беғараз бўлишни касб қилдим, оиладагиларимдан ҳам, дўстларимдан ҳам, қўл остимда ишлайдиган шогирдларимдан ҳам шуни талаб қилдим”.
Убайдулла Мингбоев 2002 йилда пенсияга чиқди. Бироқ бир кун ҳам уйда тинч ўтирмади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ва Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази айнан Убайдулла Мингбоевнинг ташаббуси билан ташкил этилди. Мазкур ташкилотларнинг фаолияти самараси ўлароқ, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган соҳа ходимлари таркибини шакллантириш мақсадида суд тизими фахрийлари билан алоқа йўлга қўйилди, “Устоз ва шогирд” мактаби яратилди. Доимо фахрийларимизнинг ҳолидан хабар олиш, ҳар байрамда уларни йўқлаб, кези келганда, бир дастурхон атрофида тўплаб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш гўзал анъанага айланди.
Бундан ташқари, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган суд тизими фахрийлари ҳамда жамиятда катта обрў-эътиборга эга бўлган нуронийлар билан “Уч авлод учрашувлари” мунтазам равишда ўтказиб турилади. Бундай тадбирлар доирасида уч авлод вакиллари, яъни суд тизими фахрийлари, фаолият кўрсатаётган судьялар ва судьялик лавозимига захирада турган ёш номзодлар учрашиб, фахрий ҳамкасбларнинг ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашади, ўзаро фикр алмашади.
Устоз ўз ҳаётий тажрибаси ва фаолиятидан келиб чиқиб, “Суд шундай ҳокимиятки…”, “Суд – фуқаролар ҳимоячиси”, “Олий суд: кеча ва бугун”, “Етти пуштни билмоқ истаги”, “Касби корим адолат бўлди”, “Истакларим” каби ўнлаб китоблар, рисолалар яратиб, китобхонларга тақдим қилди.
Филология фанлари доктори, профессор Хуршид ДЎСТМУҲАММАД шундай ёзади:
— Убайдулла Қурбоновичнинг қаламига мансуб “Адолат мезони” китобидан кўп таассуротлар олганман. Бир ўринда қалбни ларзага соладиган лавҳа ҳикоя қилинади. У кезлар устоз Тошкентдан эндигина Бухоро вилоятига хизматга юборилаётган эди. Жазосини кутиб турган жиноятчи “Ўлим жазосини берса ҳам Мингбоевнинг ўзи тақдиримизни ҳал қилсин!” дея мурожаат қилади. Тасаввур қилайлик, адолат туйғусини йўқотмаган одамнинг ҳукми билан ўлим топайлик, деган талабнома битишга нима мажбур қилган маҳкумни?
Ҳаётда кам учрар, аммо жазо шундай белгилансаки, жиноятчининг ўзи ҳам ҳайратда қолса, қилган қилмишига яраша олган жазосига иқрор бўлса, судьянинг донишмандлигига, холислигига тан берса!
Ҳа, Убайдулла Қурбонович ана шундай комил инсон, адолат курашчиси. У киши ҳамон ғайрат ва шижоат билан ўзининг кўп йиллик бой ҳаётий тажрибаси, амалий, маърифий ва ижодий фаолияти билан жамиятимиздаги янгиланишлар жараёнида фаол қатнашиб, халқимиз хизматига камарбаста бўлиб келмоқда.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг тақдимномасига биноан, қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгашининг раиси этиб сайланди. Шу билан бирга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фахрийлари Жамоатчилик Кенгашини ҳам бошқариб келмоқда.
Юрагида жасорат ва шижоат тобора барқ уриб, инсонларга эзгулик ва яхшилик улашиш йўлида янги марралар сари интилаётган, тиниб-тинчимас устозга юксак ишончни шараф билан адо этиши учун куч-қувват ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Олимжон Ўсаров
Фикр қолдириш