ТАДБИРКОРЛАР ИШТИРОКИДА САЙЁР УЧРАШУВ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил
19 январдаги РС-01-19-сонли қарорида берилган топшириқларга кўра, Ўзбекистон Республикасида 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши муносабати билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш мақсадида иқтисодий судлар раҳбарларининг бошқа давлат органлари ва муассасалари билан ҳамкорликда сайёр қабулларни ва учрашувларни ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Навоий вилояти иқтисодий суди, солиқ, божхона органлари ва банклар раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ва учрашувлар ўтказиш режаси тасдиқланиб, ушбу режага кўра 30 июль куни Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармасида тадбир ўтказилди.
Тадбирда Навоий вилоят иқтисодий судининг судьялари, солиқ, божхона органлари масъул ходимлари ва банклар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш иштирокчиларига ўтказилаётган тадбирнинг мақсади тушунтирилиб, бунда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларини аниқлаш, берилган саволларга жавоблар бериш ва бартараф этиш юзасидан чоралар белгилаб олиниши таъкидланди.
Тадбирда Навоий вилоят иқтисодий суди судьяси С.Абдурасулов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган вазифа ҳамда топшириқлар хусусида гапириб, бу борада тегишли мутасаддилар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб ўтди.
Шунингдек, тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ҳусусида ўз фикрларини билдириб, юрт бошимиз таъкидлаганидек “Давлат идоралари халққа, жумладан, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиши зарур”лигини, бунда барча давлат идоралари раҳбарлари, масъул ходимлари тадбиркорларга кўмакчи бўлишини, уларни қийнаётган муаммоларини аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш кераклиги, шу муносабат билан Навоий вилоят, туманлараро (туман) иқтисодий судлари томонидан жорий йил бошидан буён ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркор куни” деб белгиланганлигини, бунда ушбу куни суд раислари ва судьялар томонидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолари юзасидан мурожаатларини қабул қилиши ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилиб, тегишли тушунтиришлар бериб бориш амалиёти жорий этилганлиги, шу билан бирга аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, турли тадбирларда ҳам тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштироки таминланиб келинаётганлиги ҳамда уларнинг даъволари асосида қўзғатилган ишларни шу куни сайёр суд мажлисида кўриш амалиётини йўлга қуйилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, тадбиркорларнинг солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқ ва банк соҳасидаги муаммолар юзасидан берилган саволларга масъул ходимлар томонидан аниқ жавоблар берилиб, уларни бартараф этишга доир чоралар белгилаб олинди.
Навоий вилоят иқтисодий суди
Фикр қолдириш