МУСТАҚИЛЛИК ВА АФВ. АФВНИНГ АМНИСТИЯДАН ФАРҚЛИ ЖИҲАТЛАРИ

Мустақил диёримиз – Ўзбекистон Республикаси  ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 27 йил тўлиб, 28 йиллигига қадам қўймоқда. Ўтган тарихан қисқа вақт мобайнида истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Мамлакатимиз мутақиллигининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онгига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Мустақиллигимиз боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, шижоати билан ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Яратилган имкониятлар негизида эртанги кунимиз – эркин ва фаровон келажагимизни  ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди ва  устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик, маънавий соҳадаги туб ўзгаришлар замирида азалдан халқимизга хос бўлган бағрикенглик ва кечиримлилик фазилатлари мужассам. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини янада обод қилиш, янги ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни барпо этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Булардан кўзланган ягона мақсад – халқимиз фаровонлигини юксалтириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат.

Мана шундай янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этаётган фуқароларимиз билан бир қаторда, ҳаёт йўлларида адашиб, ҳозирги вақтда хатоларидан тўғри хулоса чиқарган юртдошларимизга жамият равнақига ҳисса қўшиш учун яна бир бор имконият бериш –инсонпарварлик ва адолат тамойилларига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Маълумки, жиноят содир этган шахс нафақат ўзи, балки фарзандлари, ота-онаси, қавму-қариндошларининг ҳам келажаги ва тақдирига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Озодликдан маҳрум бўлган киши азиз фарзандларини ўз меҳридан айириб, ота-оналарини ҳам айрилиқ доғига мубтало қилади.

Шу сабабли, хато қилган ва бугунги кунда қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган шахсларни кечириш – юксак инсонпарварлик намунаси бўлиб, у яқин инсонини изтироб ва интизорлик билан кутаётган бутун бир оилани янгидан ҳаётга қайтариш билан баробардир.

Ана шу ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлатимиз гуманистик сиёсатининг ҳамда халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида 2018 йилнинг 8 майдаги “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Фармони ва унга илова сифатида “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомининг қабул қилиниши афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб берди.

Шу муносабат билан, 2009 йил 13 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом ўз кучини йўқотди. Хўш, янги таҳрирда қабул қилинган Низом билан эскисининг қандай фарқи бор?

Биринчидан, афв этиш ҳақида илтимосномани киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати бирмунча аниқлаштирилди. Эски Низомда “Афв этиш ҳақидаги илтимоснома, қоида тариқасида, судланган шахс томонидан ёзма шаклда Ўзбекистон Республикаси Президенти номига берилади” деб белгиланган эди. Янги Низомда эса, ушбу илтимоснома судланган ёки жазони ўтаб чиққан шахс, шунингдек, қонун томонидан илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс (орган) томонидан киритилиши мумкин эканлиги келтирилган. Шунингдек, илтимоснома бошқа шахс (орган) томонидан берилганда афв этилиши сўралаётган шахснинг ёзма розилиги бўлиши керак.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссиянинг таркибига кимлар кириши аниқ кўрсатиб берилди. Янги Низомга асосан, ушбу Комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлашитириш Республика кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси вакилларидан иборат бўлади.

Шунингдек, Комиссия таркибига Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Учинчидан, афв этиш ҳақидаги илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар сони ортди. Жумладан, илтимосномани дастлабки тарзда кўриб чиқувчи Президент ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссия секторига илтимоснома билан бирга юбориладиган ҳужжатлар рўйхатига жазони ижро этувчи муассасанинг маъмурияти томонидан тасдиқланган маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси қўшилди.

Мазкур янги Фармон ва Низомнинг қабул қилиниши – давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир.

Зеро, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади.

“Афв” ва “Амнистия” тушунчаларининг бир-биридан ўзаро фарқлай олишимиз даркор. Чунки аксарият инсонлар афв ва амнистия бир ҳил нарса, шунчаки амнистиянинг ўзбекча таржимаси авф бўлади, деб ўйлашади. Иккала тушунчанинг асосий мақсади битта – меҳр-шавқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир. Бироқ, шундай бўлишига қарамасдан бу икки тушунча бир-биридан фарқланади. Афв ва амнистия қандай шаклларда амалга оширилади?, Улар қандай фарқланади? – деган саволларга жавоб топиш учун  қуйидаги фарқларни кўриб чиқамиз:

Биринчидан, афв – бу муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб жазодан озод қилиш ҳисобланади. Амнистия – аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади.

Иккинчидан, афв – фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия – жиноят процсессининг исталган босқичида – дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки, жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин. Бошқача айтганда амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
93-моддасига биноан, афв фақат Президент томонидан эълон қилинади. Амнистия акти – Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлисининг Сенати томонидан эълон қилинади.

Тўртинчидан, амнистия актларини қўллаш масаласи – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ва судлар томонидан кўриб чиқилади. 2008 йилдан бошлаб, амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни фақат судлар чиқариши белгилаб қўйилган. Афвни қўллаш масаласини – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади.

Бешинчидан, амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масалани ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас.

Маълумот учун:

Олтинчидан, афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлади.  Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини ҳал этиши лозим. Бироқ қонунчиликда истисно тарзда жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ўзига амнистия акти қўлланишини хоҳламаса, уларга амнистия актини қўллаш тақиқланади. Шахслар ўзини афв этилишини сўраб илтимоснома беради, амнистия акти эса шахсларнинг хоҳиш-истагига қарамасдан ҳаммага умумий қўлланади.

 Шавкат Гайбердиев
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
катта консультанти

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: